Буюк Британиядаги қатор аэропортлар фаолияти қор ва ёмғир туфайли чекланди, деб хабар беради Sky News. Телеканал маълумотларига кўра, хусусан, Манчестер, Ливерпул, Бирмингем ва Бристол ҳаво бандаргоҳлари фаолияти тўхтатилган.
Аэропорт хизматлари йўловчиларга рейсларнинг қабул қилиниши ва учиб кетиши тўхтатилгани тўғрисида хабар бериб, учиш-қўниш йўлакларини тартибга солиш бўйича барча зарур чоралар кўрилаётганини маълум қилган.
Мураккаб об-ҳаво шароити туфайли бир қатор автомобил йўллари, шунингдек, темирйўл линияларида вазият қийинлашган. Бундан ташқари, Англия ва Уэлсдаги бир қанча аҳоли пунктлари электр таъминотисиз қолган. Буюк Британия Миллий электр энергия компанияси таъминотни қайта тиклаш бўйича иш олиб бормоқда.
Метеорологларнинг таъкидлашича, ноқулай об-ҳаво шароити камида яна бир неча кун давом этади.
Аввалроқ CNN телеканали АҚШга қор бўрони яқинлашаётгани ва бу тахминан 62 миллион кишига таъсир кўрсатиши мумкинлигини маълум қилганди. Метеорологларнинг прогнозларига кўра, қор 12 та штатга ёпирилади, шамол тезлиги соатига 65 километрга етиши мумкин.



