Беруний туманида инсон ўлими билан боғлиқ ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда «Овоза» ахборот дастурида хабар берилди.

Маълум қилинишича, ЙТҲ 29 октябр куни соат 2:20 атрофида содир бўлган. Ҳайдовчи маст ҳолатда Lacetti машинасини бошқариб бораётиб, йўл четидаги каналга тушиб кетган.

ЙТҲ оқибатида машинанинг орқа қисмида ўтирган икки йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлган. Яна бир йўловчи эса шифохонада вафот этган. Ҳалок бўлган йигитларнинг икки нафари 22, бир нафари 21 ёшда бўлган.

Тирик қолган ҳайдовчи ва яна икки йўловчига бош мия, кўкрак қафаси қисилиши, сувда чўкиш каби ташхислар қўйилган.

Хабарда айтилишича, ЙТҲ беш метр кенгликдаги ички тупроқ йўлда содир бўлган. Ушбу йўл ёритиш қурилмалари билан жиҳозланмаган ва йўл белгилари ўрнатилмаган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Беруний туман ИИБ тергов бўлинмаси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Олдинроқ Самарқандда содир бўлган ЙТҲда ҳайдовчи вафот этгани хабар қилинганди.