Билимларни баҳолаш агентлиги йўналиш ва олий таълим муассасалари танлаётган абитуриентлар учун эслатма эълон қилди. Унга кўра, абитуриентлар my.uzbmb.uz сайтининг “Давлат ОТМлари” бўлимидан ОТМлар тўғрисида маълумот олиши, сўнгги 3 йилдаги ўтиш баллари билан танишиши мумкин. Бунда олий таълим муассасасининг тегишли таълим йўналиши танланганда қуйидаги маълумотлар чиқади:
- 2023/2024 ўқув йилидаги қабул квоталари сони (давлат гранти ва тўлов-контракт алоҳида);
- 2023/2024 ўқув йилидаги фанлар мажмуаси (биринчи ва иккинчи мутахассислик фанлари);
- сўнгги 3 йиллик ўтиш баллари (давлат гранти ва тўлов-контракт алоҳида).
Шунингдек, сайтда таълим йўналишларини таълим тили ва таълим шакли бўйича саралаш имконияти ҳам мавжуд.
Қисқа тушунтириш: хўш, абитириентга ўтиш баллини билиш нима учун керак? Янги тартибга кўра, 2024/2025 ўқув йили учун абитуриентлар олдин тест ечиб, баллини билгач кейин олийгоҳ, йўналиш кабиларни танлашлари мумкин. Баллини олдиндан билиши – абитуриентга ўзи ўқимоқчи бўлган ОТМга кира олишини яхшироқ прогноз қилиш имконини беради.


