30 июл, сешанба оқшомида Ҳасанбой Дўсматов Париж-2024 Олимпиадаси бокс баҳсларини ғалаба билан бошлади.
Рио-2016 Олимпиадаси ғолиби саналмиш ўзбекистонлик -51 кг вазн тоифасидаги боксчи ўзининг мусобақадаги илк баҳсини Пуэрто-Рико вакили Хуан Мануел Лопесга қарши ўтказди. Жангда рақибидан устунлигини намойиш этган Ҳасанбой уч раунд якунига кўра, 5:0 ҳисобида ғалабага эришиб, чоракфиналга йўлланма олди.
Ҳасанбойнинг жангидан ярим соат ўтиб, бокс бўйича Ўзбекистон миллий жамоасининг энг ёш аъзоси Тўрабек Ҳабибуллаев ҳам Париж-2024 Олимпиадаси бокс баҳсларини ғалаба билан бошлади.
-80 кг тоифасидаги ўзбекистонлик 20 ёшли боксчи 1/8 финалда филиппинлик Токио-2020 совриндори Эумир Марсялга қарши рингга кўтарилди. Жанг давомида рақибидан устунлигини кўрсата олган Тўрабек уч раунд якунларига кўра, Марсялни мағлубиятга учратди – 5:0.
Шу тариқа, у ҳозиргача чоракфиналга йўлланма олган ўзбекистонлик 6-боксчига айланди.
Эслатиб ўтамиз, бунгача боксчилардан Руслан Абдуллаев, Лазизбек Муллажонов, Баҳодир Жалолов, Ҳасанбой Дўсматов ва Ситора Турдибекова ҳам кейинги босқичга чиққан бўлса, Нигина Ўктамова турнирни тарк этганди.


