Россия Давлат думаси сайтига жойлаштирилган қонун лойиҳасига кўра «Россия Федерацияси сенатори статуси ва Россия Федерацияси Федерал кенгаши Давлат думаси депутати статуси тўғрисида»ги федерал қонунга ўзгартириш киритиш назарда тутилган. Хорижий сафарларнинг тартиби ва муддатини келишиш Федерация кенгаши ва Давлат думаси кенгашлари томонидан алоҳида ўрнатилади.
«Инсон қаерда бораётганини асослантириши керак. Агар у Байкалга йўл олса — ҳаммамиз қўллаб-қувватлаймиз, Волгада дам олса — хурсанд бўламиз. Лекин Малдив ороллари ёки Балига кетса — ҳамкасблар, хафа бўлманглару, — бу мамлакат ва сайловчиларга нисбатан ҳурматсизлик эканини тушунишимиз керак», — деган Давлат думаси спикери Вячеслав Володин.
Спикернинг қўшимча қилишича, бу меъёр қабул қилинганидан сўнг «давлат ва ўз сайловчилари ҳисобидан сайланиб дам олишни истовчилар сони кескин камаяди».
Қонун лойиҳаси муаллифларидан бири, Давлат думасининг хавфсизлик ва коррупциянинг олдини олиш қўмитаси раҳбари Василий Пискарёвга кўра, «бу қарор давлатнинг ҳам, хорижга чиқувчиларнинг хавфсизлик масалалари туфайли қабул қилинмоқда». Унинг сўзларига кўра, депутатларни «Киев режими» ёки Халқаро жиноят суди сўровига хорижда ушлашлари мумкин. Шунингдек, Пискарёв депутатлар ва сенаторлар «эгаллаб турган лавозимига кўра давлат сирларидан хабардор одамлар ҳисобланади», шу сабабли уларнинг хорижий сафарларини назорат қилиш давлатнинг хавфсизлигини таъминлаш масаласидир.



