Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари билан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНEСКО) раҳбарияти ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди.
ТИВ маълумотига кўра, 2025 йилда Самарқанд шаҳри ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессиясига мезбонлик қилиши тўғрисида хабардор қилинган эди. Ушбу йирик анжуман сўнгги қирқ йил ичида биринчи марта тузилманинг Париждаги бош-қароргоҳидан ташқарида бўлиб ўтади.
Мазкур тадбирга тайёргарлик кўриш мақсадида 2024 йил 14 июн куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва ЮНEСКО раҳбарияти ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди. Музокараларда мамлакат вазирлик ва идоралари, ЮНEСКО Котибиятининг тегишли бўлимлари раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди.
Учрашувда ЮНEСКО бош бошқарув органининг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган йиғилишига тайёргарликнинг бориши юзасидан фикр алмашилди. Музокаралар натижасида сессияни юқори савияда ўтказиш учун барча соҳаларда ҳамкорликда ишлаш ва яқин алоқаларни давом эттиришга келишиб олинди.



