Самарқанд ва Жиззах вилоятларида кучли ёмғир туфайли электр энергия таъминотида узилишлар кузатилмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, бугун соат 6:45да Самарқанд вилоятида юз берган кучли ёмғир оқибатида 6-10 kV.ли 15 та электр узатиш тармоғи авариявий ўчган. Бунинг оқибатида Ургут ва Пастдарғом туманларида 13 минг 700 истеъмолчи ва кичик ишлаб чиқариш саноат корхоналари электр таъминотидан узилган.

Ушбу носозлик соат 10:03 да бартараф этилиб, истеъмолчиларнинг электр таъминоти тўлиқ тикланди.

Шунингдек, соат 7:50 да Жиззах вилоятида юз бераётган кучли ёмғир оқибатида 6-10 kV.ли 11 та электр узатиш тармоғи авариявий ўчган. Бунинг оқибатида Бахмал, Ғаллаорол, Пахтакор ва Зомин туманларида 2 минг 250 та истеъмолчи электр таъминотисиз қолган. 

Қайд этилишича, ҳозирда ноқулай об-ҳаво шароитига қарамай, махсус бригадалар томонидан ушбу носозлик бартараф этилмоқда.

11 март куни Хоразмда ҳам кучли ёмғир туфайли 12,5 минг истеъмолчи “свет”сиз қолганди