Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкилотлар — иш берувчиларга ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини захирага қўйиш мажбурияти юкланган.

Белгиланишича, аҳолини бандлик билан қамраб олишни оширишда амалий кўмаклашиш ва ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг юқори натижадорлигини таъминлаш мақсадида:

  • ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахслар учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимлари қарорлари бажарилиши устидан назорат қилиш туман (шаҳар) Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари томонидан амалга оширилади;
  • комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар раҳбарлари президентнинг “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахслар учун иш ўринларининг энг кам сонини яратиш бўйича туман (шаҳар) ҳокимлари қарорларининг бажарилмаганлиги учун шахсан жавоб беради.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари:

  • ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахслар учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш бўйича туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг қарорларини хатловдан ўтказади;
  • ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини захирага қўйиш бўйича манзилли дастурларни тасдиқлайди;
  • ҳар йили навбатдаги календар йил бошланишидан камида икки ой олдин туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг қарорлари билан захирага қўйилиши керак бўлган иш ўринлари сони иш берувчиларга ўз вақтида етказилишини таъминлайди.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштиришни таъминлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар бажарилиши устидан назоратни кучайтиради.