Ўзбекистонда 2024 йилнинг 1 июлидан бошлаб ташкилий-ҳуқуқий шакли акциядорлик жамияти бўлган компанияларгина тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилоти сифатида фаолият юритиши мумкин бўлади. Бу – 30 ноябр куни имзоланган президент қарорида кўзда тутилган.

Қарорга кўра, тўлов тизими операторларининг устав капитали 2024 йилнинг 1 июлидан бошлаб камида 50 млрд сўм бўлиши керак. Шу санадан эътиборан тўлов ташкилотининг устав капитали бўйича минимал талаб 10 млрд сўм, 2025 йил 1 июлдан эса 20 млрд сўм деб белгиланади.

Ҳужжат билан, Humo (“Миллий банклараро процессинг маркази” МЧЖ) устав капиталидаги давлат улуши Марказий банкдан олиниб, Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилади.

Аввалроқ, 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб банклар устав капиталининг энг кам миқдори 200 млрд сўмга оширилган, энг қуйи чегара 2024 йил 1 апрелдан бошлаб 350 млрд сўмга, 2025 йил 1 январдан эса 500 млрд сўмга кўтарилиши белгиланган эди.