Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда муҳокама қилинди.
“Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 248-моддасига ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари ходимларининг вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ҳамда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш борасидаги фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокамалар марказида бўлди.
Қонун лойиҳаси билан вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологларнинг ҳамда ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари хотин-қизлар масалалари бўйича (катта) инспекторларининг ваколатлари кенгайтириляпти. Шу мақсадда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 248-моддасига қўшимчалар киритиляпти.
Вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологларга вояга етмаганларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларини бажармаганлиги учун ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга нисбатан маъмурий жазо қўллаш ҳуқуқи берилиши назарда тутиляпти. Хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторларга ҳимоя ордери талабларини бажармаслик учун назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённома тузиш ваколати берилиши кутилмоқда.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланди.



