Украина хавфсизлик хизмати («СБУ») россиялик тадбиркор, «Альфа-Групп» молия-инвестициявий консорциуми эгаси Михаил Фридманга Украинадаги урушни молиялашда гумонланаётганини маълум қилди. Бу ҳақда 5 сентябр, сешанба куни Украина махсус хизмати, шунингдек, Украина Бош прокуратураси хабар берди.
Уларга кўра, Россиянинг Украинада кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан бери Фридман Россиянинг бир қанча ҳарбий заводларига 2 миллиард рублга яқин сармоя киритган. Бошқа нарсалар қаторида, гап «Тула патрон заводи», шунингдек, Россия жанговар самолётлари ва вертолётлари учун юқори технологияли ускуналар ишлаб чиқарадиган «Яламов номидаги Урал оптик-механика заводи» ҳақида бормоқда.
Ушбу лойиҳаларни молиялаштириш учун тадбиркор ўзи назорат қиладиган «Альфа-Групп» Россия консорциуми активларидан фойдаланяпти, дейилади «СБУ» матбуот-релизида.
Бундан ташқари, идора маълумотларига кўра, Михаил Фридман ўз бизнес ресурсларидан озиқ-овқат, кийим-кечак ва «Армия России» савдо белгиси остидаги бошқа маҳсулотларни фронтда жанг қилаётган россиялик ҳарбийлар ўртасида оммавий равишда тарқатишда фойдаланган. Тадбиркорнинг суғурта компаниялари ҳарбий техника, шунингдек, Россия ҳарбийларининг ҳаёти ва соғлиғини суғурталашни ўз зиммасига олди, дейилади Украина Хавфсизлик хизмати баёнотида.
Фридман мол-мулки мусодара қилиниб, 8 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин
Олигарх конституциявий тузумни куч билан ағдариш, ҳокимиятни эгаллаб олиш ва Украина давлат чегараларини ўзгартириш бўйича ҳаракатларни молиялаштириш моддаси бўйича гумонланган. «Ҳозир гумонланувчи хорижда яширинмоқда. Уни жавобгарликка тортиш бўйича кенг қамровли чоралар кўрилмоқда. У мол-мулки мусодара қилиниб, 8 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин», - дея қайд этади «СБУ».
Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кўп ўтмай, Михаил Фридман бошқа россиялик ишбилармонлар билан бирга Буюк Британия ва Европа Иттифоқи, кейинроқ эса бошқа давлатлар, хусусан, АҚШ ва Канада санкциялари рўйхатига киритилди.



