Фарғона вилоят ҳокимлигида йирик хорижий тадбиркорлар билан учрашув бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимлиги маълумотига кўра, тиббий асбоб-ускуналар ва буюмлар ишлаб чиқариш ҳамда савдоси билан шуғулланувчи Medzon Health ва Alsaadi holding компаниялари бошқарув раиси Абдул Ал-Саади ва Саудия Арабистонининг Rosemarin компанияси раҳбари Бассам Ал-Саади билан ўтган мулоқотда ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.


Ал-Саади 2015 йилда ташкил этилган ва штаб-квартираси АҚШнинг Калифорния штатида жойлашган Medzon Health компанияси бугунги кунда Туркия, Таиланд, Малайзия, Хитой, Жанубий Корея ва Япония каби давлатларда ўз фаолиятини йўлга қўйганини таъкидлади. У Фарғонада ҳам бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш истагини билдирди.
Музокаралар давомида Қува туманида 500 та иш ўрнига эга тиббий буюмлар ишлаб чиқариш заводи лойиҳасини амалга ошириш юзасидан дастлабки келишувларга эришилди.



