Маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда яқин 20 йилда сув 5 баробаргача камайди ва бундан кейин ҳам сув камайиш тенденцияси давом этади . Бу эса сув танқислиги сабаб юз берадиган муаммоларга чора қидириш кераклигини англатади. “Агробанк”нинг навбатдаги йирик лойиҳаси шу муаммога ечим топишга қаратилди.
“2023 йил 18 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтказилган йиғилишда сув тежовчи технологияларни жорий этиш масаласи муҳокама қилинган эди.
Бироқ, иш жараёнида сувни тежайдиган суғориш тизимларини ишлаб чиқариш, етказиб бериш, харид қилиш, жойларда лойиҳалаштириш ва ўрнатишдаги камчиликлар ҳамда айрим қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг бу борадаги кўникмалари етарли эмаслиги мазкур технологияларнинг ўз вақтидан кечикиб жорий қилинишига сабаб бўлаётганига гувоҳ бўлдик. Бу муаммоларни бартараф этиш, минтақада кузатилаётган сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сув ресурсларидан янада самарали фойдаланиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан “Агробанк” томонидан “Сувчилар мактаби” ташкил этяпмиз.

Лойиҳа Сув хўжалиги вазирлиги, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида сув тежовчи технологияларни жорий қилиш учун 200 млн доллар маблағлар йўналтирилади. Янги суғориш инфратузилмалари лойиҳаларини амалга оширамиз. Пилот сифатида Пахтакор туманида ёпиқ қувурли суғориш тизимини жорий қилиш лойиҳасини ишлаб чиқяпмиз”,- деди “Агробанк” АЖ бошқарув раиси Рустам Маматқулов.
Янги лойиҳада ўқув курслари фермер-деҳқонларимизнинг вақтини тежаш учун уларнинг олдида ташкиллаштирилади. 5 та махсус микроавтобусларда 5 та гуруҳдан иборат профессор-ўқитувчилар бориб уларга билим ва амалиётни интеграция қилган ҳолда ўқитишади. Ушбу ўқув курслари 5 ой давомида 155 та туманда ўтказилади. Курслар юртимиздаги 60 мингдан зиёд фермерларни тўлиқ қамраб олади. Бунга 50 га яқин маҳаллий ва хорижлик мутахассислар жалб қилинган.

Бунинг учун соҳанинг тажрибали мутахассисларини жалб қилган ҳолда махсус handbook ишлаб чиқилди.
Ўқув мавзуларида:
- Сувдан тежовчи технологиялар турлари, афзалликлари ва уларнинг самарадорлиги;
- Хорижий тажриба. Замонавий суғориш тизимининг аҳамияти ва сувдан фойдаланиш маданияти (Туркия мисолида);
- Иқтисодий ва ҳуқуқий саводхонлик: субсидия, кафилликлар, солиқ имтиёзлари ва банк кредитлари;
- Тупроқнинг сув хоссалари ва нам сақловчи технологияларини ўрганиш (амалий);
- Хорижий тажриба. Замонавий суғориш тизимларини қуриш, ишга тушириш ва ишлатиш тартиби (Туркия мисолида) ёритиб берилади.
Лойиҳага жалб қилинган туркиялик мутахассис профессор Сулейман Кодел Ўзбекистонда сув танқислигининг олдини олиш ва чоралар кўришга эътибор қаратилишини ижобий баҳолади:
“Туркияда 2010 йилда бу лойиҳага 15 кишидан иборат гуруҳ билан қўл урганмиз. Эндиликда шу мавзуни янада кенгайтириш мақсадида 5 нафар мутахассис Тошкентга келдик. Бу лойиҳа босқичма-босқич амалга оширилади. Биз ўз йўналишимизда ишларни якунлаганимиздан кейин яна 5 нафар ҳамкасбимиз Ўзбекистонга келиб лойиҳада иштирок этади.
Сув танқислиги муаммоси бугун бутун дунёни хавотирга солаётгани маълум. Сув тасарруфини қандай таъминлаш мумкин? Ўзбекистон суғоришга ишлатиладиган сувнинг катта қисмини қўшни давлатлардан олади. Сув тасарруфини яхшилашга сув тизимларини яхшилаш орқали эришиш мумкин. Чунки бу тизимда катта қувурлар орқали сув келтиришда жуда катта йўқотишлар бўлади. Бунга Ўзбекистонда муҳим деб қараш ва янги тизимларга ўтиш келгусида юз берадиган муаммоларга ечим бўла олади”,- деди у.
Сув хўжалигини ислоҳ қилиш борасида Исроил, Туркия, Испания ва Хитойдан тажрибали мутахассислар жалб қилиниб борилади. Илмий салоҳиятни ошириш, сув хўжалиги соҳасида илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Агробанк” томонидан биринчи босқичда 10 млрд. сўм грант ажратилади.
Сув хўжалиги вазири ўринбосари Рустам Қаршиев бу лойиҳада вазирликнинг иштироки ва олдига қўйган вазифалари ҳақида маълумот берди:
“Мустақиллигимизнинг илк йилларида 64 километр куб сув ишлатганмиз ва аҳолимиз сони 20 миллионни ташкил қилган. Бугунги кунга келиб аҳоли сони 36 миллиондан ошди, аммо истеъмол қиладиган сувимиз миқдори 50 километр кубга камайган. Кўриниб турибдики, йилдан йилга аҳоли сони кўпайиши, сув ресурслари эса камайиши кузатилмоқда. Республикада умумий истеъмол қилинадиган сувнинг 91 фоизи суғориладиган ерларга сарфланмоқда. Демак, қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий қилиш биз учун асосий масалага айланиши лозим. Лекин буни йўлга қўйиш учун фермер-деҳқонларимизда, мутахассисларимизда етарли малака йўқлиги учун йўқотишлар ҳам бўлди. Шунинг учун президент топшириғига кўра “Сувчилар мактаби” ташкил этилди. Бу мактабларда сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш, уларни ўз ўрнида қўллаш ҳақида илмий-амалий ёрдам берилади. Хорижлик мутахассислар ҳамкорлигида 4000 нафар сув хўжалиги ходимлари бу мактабларда ўқитилади.
2030 йилга қадар 2 млн гектар ер майдонида сув тежовчи технологиялар жорий қилиниши керак. Бунинг учун бизга билим ва тажриба керак бўлади. Бу мактаб шу мақсадда ташкил этилди”,- дея таъкидлади вазир ўринбосари.
Республикамизда ўтган даврда қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий қилиш учун 5 трлн сўм кредит ажратилган бўлиб, маблағлар ҳисобига 1 млн гектарда сув тежовчи технологиялар жорий қилинди.
Шунингдек, жойларда ўқувларни ташкил қилиш учун 5 та сайёр гуруҳлар ташкил этилди:
1-гуруҳ: Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари;
2-гуруҳ: Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари;
3-гуруҳ: Самарқанд, Навоий ва Бухоро вилоятлари;
4-гуруҳ: Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари;
5-гуруҳ: Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти.
Мактаб билан боғлиқ барча харажатлар “Агробанк” томонидан молиялаштирилади.
Дастлабки босқич учун 26 млрд сўм маблағ ажратилган.
Келажакда, яъни шу йил якунига қадар республиканинг ҳар бир ҳудудида “Сувчилар мактаби” ташкил этиш режалаштирилган.
2024-2030 йилларда 45 мингдан ортиқ (ҳар йили 6500 нафар) фермер хўжаликларини сертификатлаш бўйича 1 хафталик ўқув курслари ва “Сувчилар мактаби” платформаси ташкил этилади.



