Эртага, 28 май куни «ПСЖ» расман Франция чемпионига айланиши эҳтимоли катта. Бу чемпионликдаги яна бир жиҳат шуки, соврин парижликлар учун 11-чемпионлик саналади ва клуб бу кўрсаткич бўйича Францияда якка пешқадамга айланади. «Сент Этьен» клубида ҳам 10 та чемпионлик бор.

Албатта, бу дам олиш кунларидаги футбол интригаларининг энг кичиги. Олдинда бизни Бундеслига чемпионлиги масаласи, Италия ва Германияда ЕЧЛ ўринлари учун кураш ва Ла Лигадаги ўрин учун бирданига етти жамоанинг кураши кутиб турибди. Кучли бешликдаги сўнгги турлар бўлгани учун бу сафар анонсимизни бошқачароқ форматда тайёрладик.

«Боруссия» Бундеслигани ютадими?

БОРУССИЯ Д – Майнц (27 май, 18:30)

Кёльн – БАВАРИЯ (27 май, 18:30)

Охирги марта «Боруссия» 2011/12 мавсумда Юрген Клопп қўл остида мамлакат чемпионига айлангандилар. Шундан буён қаторасига 10 мавсум «Бавария»нинг гигемонлигида кечди ва бугун ушбу серия якунига етиши мумкин.

Бунинг учун дортмундликлар ўз майдонида турнир жадвали 9-ўринда бораётган ва плюс-минус бир поғонадан бошқа мотивацияси бўлмаган «Майнц» устидан ғалаба қозонса кифоя. «Бавария»нинг кутилмаганда «Лейпциг»дан мағлубияти Терзич шогирдларига мана шундай совға тақдим этди. Албатта, мана шундай «совға»ни қабул қилиб олиш учун ҳам ўша ерда туриш керак, яъни, агар якунда чемпион бўлишса, «Боруссия» тўлиқ бу совринга ҳақли. Айниқса, ўша ўн йил олдин «Боруссия»га келиб, бирорта ҳам соврин ютмаган, чемпионлик мундиалини эса, жароҳат туфайли ўтказиб юборган Марко Ройс фаолиятида чемпионлик совринига эга бўлишга ҳақлидир. Ҳеч бўлмаса, Дортмунд мухлисларининг ушбу ўйинга тайёрлаб қўядиган перформанси учун ҳам учрашувни томоша қилиш шарт.

«Боруссия»дан 2 очко ортда бораётган «Бавария» эса, ўз ўйинини «Майнц»нинг қўшниси бўлган «Кёльн»га қарши сафарда ўтказади. Мюнхенликлар бу ўйинда ғалаба қозониши ва Дортмундда мезбонларнинг мағлубияти ёки дурангидан умид қилиши керак бўлади. Тўплар нисбатига кўра «Бавария» устун, демак очколарнинг тенглиги ҳам Тухел шогирдларининг фойдасига ишлайди.

ЕЧЛ шарқдан икки жамоа?

АЙНТРАХТ – Фрайбург (27 май, 18:30)

УНИОН БЕРЛИН – Вердер (27 май, 18:30)

Тарихда биринчи марта, аниқроғи, Германия бирлашганидан буён, илк маротаба шарқий қисмдан икки жамоа ЕЧЛ иштирокчиси бўлишга яқин турибди. «РБ Лейпциг» 4-ўриндан 4 очкога илгарилаб кетди ва учинчи ўринни расман ҳал этди. 4-ўрин учун кураш эса, ҳозирда тенг очко тўплаган «Унион Берлин» ва «Фрайбург» ўртасида бормоқда.

Айтиш мумкинки, ҳар икки жамоа сўнгги йилларда жуда тўғри йўналишда иш олиб борди ва Бундеслигада жиддий кучга айланди. Ўтган мавсумда бу жамоалар бешинчи ва олтинчи ўринни олиб, Европа Лигасига йўлланмани қўлга киритгач, икки фронтда кураш уларни қийнаб қўйиши ва якунда пасайиш кузатилишини тахмин қилишганди. Аммо йўқ, Европа Лигасида ҳам муносиб қатнашиб, ҳар иккиси плей-оффга ҳам чиқишди, Бундеслигада эса, кейинги қадамни ташлашга тайёр туришибди.

Ҳозирда ҳар икки жамоада 59 тадан очко бор. Тўплар нисбатига кўра «Унион Берлин» юқорироқ жойлашган. Сўнгги турда берлинликлар «Вердер»ни қабул қилса, «Фрайбург» «Айнтрахт» меҳмони бўлади. Табиийки, ўз майдонида, бунинг устига кучсизроқ рақиб билан ўйнайдиган «Унион»нинг имконияти юқорироқ баҳоланмоқда.

А Серияда тўртинчи жамоа қайси?

ИНТЕР – АТАЛАНТА (27 май, 23:45)

ЮВЕНТУС – МИЛАН (28 май, 23:45)

Италия клублари ичида ЕЧЛ йўлланмаси кураши шу қадар чалкашки, ҳатто тўртликка кириши аниқ бўлиб улгурган «Лацио» ҳам ўзини хавфсиз ҳис қила олмайди. Сабаби, мабодо «Рома» Европа Лигасини, ҳамда «Интер» ЕЧЛни ютса-ю, бу икки жамоа тўртликка кира олишмаса, келаси мавсумда ушбу муҳим еврокубокда Италиядан 5 жамоа қатнашади ва 4-ўринни олган жамоа тушиб қолади. Назарий томондан, «Лацио» тўртинчи ўринга тушиб қолиши мумкин.

Майли, ҳали бу ҳақида гапиришга эрта. Шу турнинг ўзида ЕЧЛ йўлланмасига таъсир кўрсатадиган икки катта ўйин бўлиб ўтади. «Интер» ўз майдонида «Аталанта»ни мағлуб этиши ва ЕЧЛ ўринларидан бирини ўзи учун нақдлаб қўйиши мумкин. «Аталанта» учун эса аксинча, мағлубият ва ҳатто дуранг жамоанинг ЕЧЛ орзусидан мосуво қилади.

Эртасига эса, Туринда ҳам марказий ўйин кўришимиз мумкин. «Ювентус»дан 10 очко олиб ташлашган бўлишса-да, жамоа ҳамон ЕЧЛ ўринларига даъвогарлик қилмоқда. Бунинг учун туринликлар «Милан» устидан ғалаба қозонишлари, ҳамда сўнгги турда ҳам «Милан»нинг мағлубиятга учрашидан умид қилишига тўғри келади. Агар «Ювентус» ғалаба қозонса, очколари сони 62 тага етади. «Милан»да 64 та. Миланликларнинг сўнгги турдаги ўйини лигада жон сақлаш учун курашаётган «Верона»га қарши кечиниши инобатга олсак, «Ювентус»да ҳали имконият бор. Хўш, «Милан» сўнгги турда дуранг ўйнаса ва очколар тенг бўлиб қолса, нима бўлади? Бу ҳолатни ҳам ҳисобга олиш учун «Ювентус» «Милан» устидан икки тўп фарқи билан ғалаба қозониши лозим. «А Серия» регламентига кўра, очколар тенг келиб қолганида, аввало, ўзаро ўйинларга қаралади: биринчи даврадаги баҳсда «Милан» 2:0 ҳисобида устун келган. Агар «Ювентус» ўзаро ўйинда шу фарқни ёпа олса, сўнгги турдаги дурангдан умид қилиши мумкин, чунки умумий тўплар нисбатига кўра, туринликлар олдинда.

Демак, «Интер» ғалаба қозонса, ЕЧЛ иштирокчисига айланади. «Аталанта»га курашни сўнгги турдаям давом эттириши учун ғалаба зарур. Худди шундай, «Ювентус» ҳам сўнгги турда «Милан»нинг йўқотишидан умид қилиш учун ўзаро ўйинда «Милан»ни, иложи бўлса, 2 тўп фарқи билан ютиши талаб этилади. 

АПЛ ни ким тарк этади?

ЛИДС (31 очко, 19-ўрин) – Тоттенҳэм (28 май, 20:30)

ЛЕСТЕР (31 очко, 18-ўрин) – Вест Ҳэм (28 май, 20:30)

ЭВЕРТОН (33 очко, 17-ўрин) – Борнмут (28 май, 20:30)

Ҳафта ўртасидаги ўйинлардан сўнг, Англиядан келаси мавсумда ЕЧЛ ва Европа Лигасида қайси жамоалар қатнашиши аниқ бўлиб улгурди. Фақат «Астон Вилла» ва «Тоттенҳэм»дан қайси бири Конференциялар кубогига тушиши сўроқ остида, аммо бу айниқса, «Тоттенҳэм»ни унча қизиқтирмаса керак. Аммо балким, плей-оффлар қироли Эмерини яна бир еврокубокда кўриш ёки «Тоттенҳэм»нинг ниҳоят бирор соврин ютиши, ўзига яраша интрига бўлиши ҳам мумкин.

Асосий кураш турнир жадвали қуйида кечади ва афсуски, ўзига яраша тарихга эга бўлган жамоалардан иккитаси турнирни тарк этади. «Эвертон» ҳеч қачон қуйи лигага тушиб кетмаган, «Лестер» яқиндагина чемпион бўлган, ЕЧЛ йўлланмаси учун курашиб юрган жамоа, «Лидс» эса, АПЛнинг мафтункор жамоаларидан бири, уч йил олдин жамоа узоқ танаффусдан сўнг, АПЛга қайтганда, катта воқеага айланганди.

«Эвертон»да 33 очко ва ўз майдонида «Борнмут»ни қабул қилади. Барча масала шу ўйиннинг ўзидаёқ ҳал бўлиши мумкин, зеро агар мезбонлар «Борнмут» устидан ғалаба қозонишса, нариги рақиблар қандай натижа қайд этишидан қатъи назар АПЛни тарк этишади. Дуранг «Эвертон» учун хавфли, чунки у ҳолда «Лестер» ўз ўйинини ютиб, тўплар нисбатига кўра «ЭвертоН»ни қувиб ўтиши мумкин.

«Лидс Юнайтед»да қандай имконият бор? Эллардайс шогирдлари лигада қолиши учун, аввало, «Тоттенҳэм» устидан ғалаба қозониши ва шунингдек, «Эвертон»нинг мағлубияти, ҳамда «Лестер»нинг очко йўқотишидан умид қилиши керак бўлади.

Ла Лига тубидаги кураш

28 май, 22:00

АЛЬМЕРИЯ (39 очко, 15-ўрин) – ВАЛЬЯДОЛИД (38 очко, 18-ўрин)

КАДИС (38 очко, 17-ўрин) – СЕЛЬТА (40 очко, 14-ўрин)

ВАЛЕНСИЯ (40 очко, 13 ўрин) – ЭСПАНЬОЛ (35 очко, 19-ўрин)

ХЕТАФЕ (38 очко, 16-ўрин) – Осасуна

Испанияда келси ҳафта ҳам тур бўлади, аммо 37-турда ҳам эътиборга арзирли учрашувлар жуда кўп. Зеро турнир жадвали қуйи қисмида лигада жон сақлаб қолиш учун қизғин кураш кечмоқда, ҳатто 13-ўринни эгаллаб турган «Валенсия» ҳам ўзини хавфсиз ҳис қила олмайди.

Ла Лигани фақат «Эльче» аллақачон тарк этиб улгурган. Қолган икки ўринга бирданига 7 жамоа даъвогарлик қилиб турибди. Қизиғи, мана шу 7 жамоанинг 6 таси ушбу турда ўзаро ўйинда куч синашади. Даҳшат.

Юқорида тилга олинган «Валенсия» 40 очкога эга, аммо 18-ўриндан атиги 3 очколик фарқ ажратиб турибди холос. Бу турда «Валенсия» «Эспаньол»ни қабул қилади ва каталонияликларда 35 очко бор. Демак, сўнгги турдан умид қилиш учун «Эспаньол» бу ўйинда ғалаба учун ҳаракат қилади.

«Кадис»нинг «Сельта»га қарши ўйини ҳам ҳақиқий жанг бўлади – «Кадис»да 38, «Сельта»да эса, 40 очко бор. Ғалаба мезбонларни виголикларни қувиб ўтиш имконини тақдим этади. Яна бир ўзаро ўйин «Вальядолид» ва «Альмерия» ўртасида кечади – ҳар икки жамоа ҳам мана шу еттиталикда жойлашган. Биргина «Хетафе» бу турда тўғридан тўғри рақобатчиси билан учрашмайди, аммо унинг рақиби ҳам кучли: еврокубок ўринлари учун курашаётган «Осасуна». Сўнгги турда эса, «Хетафе»нинг «Вальядолид»га қарши ўзаро ўйини бор.

Францияда тўртинчи ўрин кимники?

РЕНН – МОНАКО (28 май, 23:55)

ЛИЛЛЬ – Нант (28 май, 23:55)

«ПСЖ» ҳали расман чемпионлигини нишонламаган бўлса-да, амалий томондан ҳаммаси маълум – парижликлар қолган икки ўйинни 5тадан тўп фарқи билан ютқазиб, «Ланс» ўз ўйинларини йирик ҳисобда ютмаса, пешқадам ўзгармайди. Демак, катта эҳтимол билан бу турдан сўнг расман Франция чемпиони номи маълум бўлади – «ПСЖ»га «Клермон» билан ўйинда дуранг кифоя.

Бу икки жамоадан ташқари, «Марсель» учинчи ўринни ҳал қилган. Лигани тарк этган уч жамоа ҳам аниқ – «Труа», «Аяччо» ва «Анже». 

Ягона савол, ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритадиган учинчи жамоа қайси бўлади? «Монако»ми (65 очко), «Лилль»ми (63) ёки «Ренн» (62)? Назарий томондан ҳатто «Лион» (59) ҳам даъвогар, аммо қийин масала.

Навбатдаги турда «Ренн» ўз майдонида «Монако»ни қабул қилади. Ғалаба мезбонларга «Монако»га очколар бўйича етиб олишни, тўплар нисбатига кўра эса, қувиб ўтишни таъминлайди. Аммо «Ренн» учун бу етарли эмас, чунки, вазиятдан «Лилль» ҳам фойдаланиши ва ғалаба қозониб, сўнгги тур олдидан 66 очко билан 4-ўринга чиқиб олиши мумкин. Демак «Лилль» учун ушбу марказий ўйинда дуранг бўлиши ёки меҳмонларнинг ғалаба қозониши жуда муҳим. Фақат шу натижалар тур якунида «Лилль»ни тўртликка кириб олишига ёрдам беради. «Монако»нинг ғалабаси эса, қироллик клубини бу курашда фаворитга айлантиради ва сўнгги турда барчаси ўз қўлида қолади.