Ёшлигимдан футболга қизиққанман. Лекин қачондир Германияда мураббий бўлиш хаёлимга ҳам келмаган. Ўзбекистондалигимда футболга алоқадор ташкилотлар эшикларини қоққанман. Мутахассис бўлмаганим, тажрибам йўқлиги учун мураббий бўлолмадим. Кейин тирикчилик сабаб Россияга бордим. У ерда ҳам футбол мураббийи бўлиш учун ҳаракат қилдим, ҳужжатлар йиғдим. Лекин турли бюрократик тўсиқларга учрагач, ҳафсалам пир бўлди.

Кейин бир танишим орқали Германияга келиш йўллари, бу ерда футбол мураббийи бўлиш учун тайёрланадиган ҳужжатларни ўрганиб, 2016 йилда Берлинга келдим”, дейди Сарвар Халилов Берлинга келиб қолиш тарихи ҳақида.

“Ўзбекистон футболини ривожлантириш учун нима қилиш керак?” деган саволга у қуйидагича жавоб берди:

—     Авваламбор, футболни оммалаштиришни тарғиб қилиш, футболга фақат шаҳар марказларида эмас, энг чекка ҳудудларда ҳам эътибор қаратилиши керак. Тўғри, тан олишимиз керак, биз Ўзбекистонда футболчиларга Германиядагидек шароит ярата олмаймиз. Бу молиявий жиҳатдан ҳам, географик жойлашув жиҳатидан ҳам қийин масала. Лекин Ўзбекистонда ёшлар потенциали бор. Германияда ўртача ёш – 47, Ўзбекистонда эса 27 ёш. Агар бундан тўғри фойдалана олинса, ёшларнинг кўплиги мамлакатнинг энг катта ютуғи аслида. 

Сарвар Халилов Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг Осиё чемпиони бўлгани ҳақида ҳам ўз фикрларини билдирди:

—     Чемпионатни кузатиб бордим. Ўзбекистон ёшларининг бу ютуғини олқишлайман. Албатта, бунинг тагида катта меҳнат ётибди. Буни кўрсатадики, бизнинг ёшларимиз ҳам рақобатбардош бўла олишар экан. Бу – футболчи сифатида уларнинг илк қадамлари. Ҳали уларнинг иқтидори жаҳон, Европа футболига чиққач билинади. Шунинг учун ҳали хулоса қилишга шошмасликни маслаҳат берган бўлардим. Лекин бу уларнинг ёш даражасига нисбатан яхши натижа. 

Шунингдек, интервью давомида суҳбатдошимиз Германиядаги фаолияти, Ўзбекистонда футболчиларга муносабат, соҳада чиқарилаётган қарорлар ва унинг ижроси борасида ҳақида ҳам гапирди.

Сардорбек Усмоний суҳбатлашди.

Германия, Берлин