Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Оқилбек Жапаров Ўзбекистонга амалий ташрифи доирасида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов билан музокаралар ўтказди. 

Kaktus.media хабарига кўра, суҳбат чоғида савдо-иқтисодий, сармоявий, сув энергетикаси, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама этилган. 

Шунингдек, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 26-27 январ кунлари Қирғизистонга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувлар ижроси ҳақида сўз юритилди. 

Жапаров ва Арипов 2023 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказишга тайёрлигини билдирди. 

Ўзбекистон бош вазири Қирғизистон-Ўзбекистон стратегик шериклигини мустаҳкамлаш ва кенгайтириш, томонларни қизиқтирган барча соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш истагини тасдиқлади. 

«Ўзаро товар айирбошлашда 2 миллиард долларлик кўрсаткичга эришиш ва йирик қўшма лойиҳалар, хусусан, Қамбар-Ота 1 ГЭС, «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли қурилишини тезкорлик билан амалга ошириш тарафдоримиз», деди Арипов.