Туркиянинг Малатя вилоятидаги Яшилюрт шаҳрида 27 феврал куни 5,6 магнитудали зилзила юз берди. Ер силкиниши оқибатида қурбонлар, жароҳатланганлар ва вайронгарчиликлар бор.
Туркия Фавқулодда вазиятлар департаменти раҳбари Юнус Сезер сўзларига кўра, 1 киши ҳалок бўлди, 110 киши жароҳатланди. Шунингдек, вайроналар остидан 32 одам қутқарилди.
«32 киши вайроналар остидан қутқариб олинди. Икки бино вайроналари устида қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда», деди у.
2023 йил 6 февралида Туркияда 7,7 ва 7,6 магнитудали кучли зилзилалар қайд этилган эди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бу зилзила Европа минтақасида сўнгги асрдаги энг даҳшатли табиий офат бўлди. Зилзила 44 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди, 160 мингдан ортиқ бино вайрон бўлди.


