Хабаровск ўлкасининг собиқ губернатори Сергей Фургал иши бўйича суд жараёнида прокурор айбланувчи учун 23 йилга қаттиқ режимли колонияга юбориш жазосини сўради. Айблов томони Фургал 2000-йиллар бошида тадбиркорларни буюртма асосида ўлдиришни уюштирганини исботланган деб ҳисобламоқда, деб хабар беради ТАСС 8 февраль, чоршанба куни ўз мухбирига таяниб.
Шу билан бирга, прокуратура бу иш бўйича яна уч нафар айбланувчини узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилишни талаб қилди: Марат Қодировни - 10,5 йилга, Андрей Палейни - 17 йилга, Андрей Кареповни - 22 йилга.
Хабаровск ўлкасининг собиқ губернатори Сергей Фургал 2020 йил 9 июлга ўтар кечаси Хабаровскда қўлга олинди. Унинг ҳибсга олиниши шаҳарда сиёсатчини қўллаб-қувватлаш ва Москванинг минтақа ишларига аралашувига қарши оммавий намойишларга сабаб бўлди. Хабаровскда олти ой давомида ҳар шанба куни собиқ губернатор ҳимояси учун юришлар ташкиллаштирилди.
2023 йил 2 февралда ҳакамлар ҳайъати Фургални айбдор ва енгилликка лойиқ эмас деб топди. SOTA Telegram-каналида эълон қилинган суд залидан олинган видеода Хабаровск ўлкасининг собиқ губернатори ҳакамлар ҳайъатига қарата «уят» деб бақиргани эшитилади. Сиёсатчининг адвокати Борис Кожемякиннинг сўзларига кўра, ҳимоячи адолатни рус тилида эмас, халқаро инстанцияларда изламоқчи.



