Чехияда 28 январь, шанба куни эрталаб мамлакатда президентлик сайловларининг иккинчи босқичининг сўнгги кунида овоз бериш бошланди. Ҳозир Милош Земан эгаллаб турган лавозимга НАТОнинг истеъфодаги генерали Петр Павел ва мамлакатнинг собиқ бош вазири, миллиардер Андрей Бабиш даъвогарлик қилмоқда.

Икки ҳафта олдин, овоз беришнинг биринчи босқичида уларнинг ҳеч бири сайловчиларнинг кўпчилик овозини ололмай, 50 фоизлик чегарадан ўта олмади. Айни пайтда, сўровларга кўра, Чехия армиясининг собиқ бош штаб бошлиғи ва Шарқий Европа давлатларидан бирининг НАТО Ҳарбий қўмитасига раислик қилган биринчи вакили – Павелнинг ғалаба қозониш имконияти юқори: фуқароларнинг 53-59 фоизи унинг учун овоз беришга тайёр.

27 январь куни Чехияда президентлик сайловларининг иккинчи босқичи бошланди. Сайлов кампаниясидаги асосий мавзу Украинадаги уруш бўлди. Шу тариқа, овоз беришнинг биринчи босқичи натижалари эълон қилингандан сўнг, Бабиш жамоаси бутун мамлакат бўйлаб Чехияни урушга жалб қилмаслик ваъдаси билан плакатларни осиб қўйди.

Ўз навбатида, мамлакатнинг ўнг-марказий ҳукумати кўмагида мустақил номзод сифатида сайловда қатнашаётган Павел бундан кейин ҳам Украинани ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ҳамда Чехиянинг Европа Иттифоқи ва НАТО билан мустаҳкам алоқаларини сақлаб қолишга ваъда бермоқда.

Чехияда президент рамзий ролга эга. Шу билан бирга, у ҳукуматни, Марказий банк раҳбарини ва конституциявий судьяларни тайинлаш учун ҳам жавобгардир, шунингдек, олий бош қўмондон ҳисобланади. Амалдаги президент Милош Земаннинг ваколат муддати март ойида тугайди. У бу лавозимни 2013 йилдан бери эгаллаб келмоқда, икки марта сайловларда ғалаба қозонган ва жорий сайловларда қатнаша олмайди.