Вазирлар Маҳкамасининг “Ерости сувларига қудуқлар бурғилаш ва улардан фойдаланиш муносабатларини тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Белгилаб қўйилишича, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб:
- амалдаги ерости сувларига қудуқларни бурғилаш бўйича ҳар бир бурғиланадиган қудуқ учун бир марталик рухсатнома бериш тартиби бекор қилиниб, ўрнига ерости сувларига қудуқлар бурғилаш фаолиятига рухсатнома бериш жорий этилади;
- ерости сувларига қудуқлар бурғилаш фаолиятига рухсатнома фақат юридик шахсларга ва якка тартибдаги тадбиркорларга берилади;
- республика ҳудудига олиб кирилган ёки ички бозорда сотиб олинган ерости сувларига қудуқлар бурғилаш ускуналарини фақат юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар бўйича давлат рўйхатига олинади;
- давлат рўйхатига олинган ерости сувларига қудуқлар бурғилаш ускуналари бўйича бир ой муддатда ерости сувларига қудуқлар бурғилаш фаолиятига рухсатнома олиш (қайта расмийлаштириш) шартлари белгиланади.
Ички ишлар вазирлиги:
- давлат рўйхатида қайд этилган ўзиюрар, тиркамали ва бошқа турдаги ерости сувларига қудуқлар бурғилаш ускуналарини Давлат геология қўмитаси билан биргаликда хатловдан ўтказишни ҳамда улар рўйхатини шакллантиришни;
- рўйхатга мувофиқ ҳар бир бурғилаш ускунасининг техник паспортларини транспорт (техника) турига кўра алоҳида таснифлаб, бепул тарзда қайта расмийлаштиришни;
- республика ҳудудига олиб кирилган ёки сотиб олинган ерости сувларига қудуқлар бурғилаш ускуналари фақат юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар бўйича давлат рўйхатига олишни ва бу ҳақда тегишлича ахборотни Давлат геология қўмитасига маълумотлар базасига киритиш учун тақдим этиб боришни;
- 2023 йил 1 апрелдан бошлаб, ерости сувларига қудуқлар бурғилаш ускуналарини давлат рўйхатига қўйишда улар учун ерости сувларига қудуқлар бурғилаш фаолиятига рухсатнома олиш (қайта расмийлаштириш) шарти белгиланишини таъминлайди.
Ерости сувларига қудуқлар бурғилаш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар ўзлари қарамоғидаги бурғилаш ускуналари техник паспортларини тегишлилигича Ички ишлар вазирлиги ҳудудий органларида алоҳида таснифлаган ҳолда қайта расмийлаштириш учун тақдим этади.



