“Интернет хизматлари сифати ва узатиш тезлигини ўлчаш бўйича миллий ахборот тизимини жорий қилиш тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Президент қарорига мувофиқ хўжалик юритувчи субъектлар томонидан фойдаланувчиларга тақдим этилаётган маълумотлар узатиш тармоқларида интернет хизматлари сифати ва узатиш тезлигини ўлчаш бўйича вазифа белгиланган.

Ахборотлаштириш соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси ва Ахборот технологиялари вазирлигининг хўжалик юритувчи субъектлар томонидан фойдаланувчиларга тақдим этилаётган “Интернет хизматлари сифати ва узатиш тезлигини ўлчаш - teznet.uz” миллий ахборот тизимини жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

Ахборотлаштириш соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси Ахборот технологиялари вазирлиги билан биргаликда:

  • 2023 йил 1 февралга қадар, маълумотларни узатиш, шу жумладан Интернет хизматлари сифати ва узатиш тезлигини ўлчаш бўйича халқаро тажрибани ўрганади;
  • 2023 йил 10 июлга қадар teznet.uz миллий ахборот тизими техник ҳужжатлари ишлаб чиқилишини ҳамда белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилишини;
  • 2023 йил 1 сентябрга қадар teznet.uz миллий ахборот тизимини дастлабки босқичда синов тарзда ишга туширилишини таъминлайди.

2023 йил 1 ноябрга қадар давлат стандартлари ҳамда ахборот ва киберхавфсизлик талабларини инобатга олган ҳолда, teznet.uz миллий ахборот тизими веб-сервис ва мобил иловаси ишлаб чиқилиши ва жорий этилишини таъминлайди.

Бунда:

  • teznet.uz миллий ахборот тизими веб-сервис ва мобил иловаси очиқ манбаларда жойлаштирилади ҳамда тизим орқали интернет тармоғига уланган абонентлик қурилмалари ёрдамида интернет хизматлари сифати ва узатиш тезлигини мустақил ўлчаш имконияти яратилади;
  • teznet.uz миллий ахборот тизими орқали амалга оширилган ўлчов ва таҳлил натижалари, маълумотларни узатиш ва мобил алоқа тармоқларида кўрсатиладиган интернет хизматлари сифати кўрсаткичларини баҳолаш учун асос ҳисобланади;
  • республика ҳудудида фаолият кўрсатаётган оператор ва провайдерлар томонидан фойдаланувчиларга тақдим этилаётган интернет хизматлари сифатини ва узатиш тезлигини ўлчаш ишлари teznet.uz миллий ахборот тизими орқали амалга оширилади;
  • жамоатчилик назорати кўламини кенгайтириш бўйича ахборот тизими веб-сервис ҳаволасини ва мобил иловасини очиқ манбаларда ҳамда интернет хизматларини кўрсатувчи компаниялар расмий сайтларида жойлаштирилишини таъминлайди.