“Ёшлар ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги стартап лойиҳаларини янада қўллаб-қувватлаш бўйича президент соврини учун President Tech Award танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Президент қарори билан 2023 йил мартдан бошлаб ҳар йили ёшлар ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги стартап лойиҳаларини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида умумий мукофот жамғармаси бир миллион АҚШ доллари бўлган президент соврини учун танлов ўтказиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилган.

Қуйидагиларни назарда тутувчи президент соврини учун President Tech Award танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади:

  • экспортга йўналтирилган ва жаҳон IT-бозорига мўлжалланган дастурий маҳсулотлар яратилишини қўшимча рағбатлантириш;
  • ёшлар томонидан илгари сурилган бизнес-ғоялар ва истиқболли стартап-лойиҳаларни саралаш;
  • ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ёшлар ўртасида инглиз тилини оммалаштириш;
  • мамлакатда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида президент соврини учун танловларни мунтазам ўтказиш орқали ёшларнинг ушбу соҳага қизиқишини ошириш.

Танлов ғолиблари ва совриндорлари танлов якуний босқичида иштирок этадиган 25 нафар жамоа орасидан жамоатчилик томонидан махсус порталда овоз бериш орқали аниқланади. Бунда, жамоатчилик томонидан овоз бериш натижасига мувофиқ: ҳар бир йўналиш бўйича энг кўп овозга эга бўлган 1-2-3 ўрин эгаллаган (жами 15 та) жамоалар танлов ғолиблари; қолган 10 та жамоа танлов совриндорлари деб ҳисобланади.

Танлов ғолиблари: 1-ўрин учун – 100 000 АҚШ доллари; 2-ўрин учун – 50 000 АҚШ доллари; 3-ўрин учун – 30 000 АҚШ доллари; танлов совриндорлари ҳар бири учун – 10 000 АҚШ долларидан (жами 100 000 АҚШ доллари) мукофот пули билан тақдирланади.