ФАО «Бир мамлакат – бир маҳсулот» глобал ташаббуси орқали қишлоқ хўжалигида истиқболи ва салоҳияти юқори бўлган муқобил экин турларини етиштириш, қўшилган қиймат занжирини ривожлантириш, янги бозорларни кашф қилиш, фермерлар даромадини ошириш ҳамда жамиятда соғлом овқатланиш тарзини тарғиб этишни мақсад қилган.

Ташаббус глобал муаммолар, ҳосилдорликни ошириш, соғлом овқатланиш, озиқ-овқат йўқотилиши ва чиқиндилари масалалари, биохилма-хиллик, ер ва сув ресурслари, кимёвий моддалар ишлатилиши ҳамда иқлим ўзгариши муаммоларини ҳал қилишга қаратилган.

Ўзбекистоннинг ФАО ҳузуридаги доимий вакили ўринбосари ўз маърузасида сўнгги 6 йилда мамлакат қишлоқ хўжалигидаги юз бераётган ислоҳотлар ва унинг истиқболи тўғрисидаги маълумотларни ўртоқлашди.

Boston Consulting Group консалтинг компанияси томонидан ўтказилган таҳлил натижаларига кўра, Ўзбекистон мева етиштириш ва уни жаҳон бозорига етказиб бериш бўйича сезиларли даражада рақобат устунлигига эга бўлиб, ушбу тармоқ 2030 йилга қадар бўлган экспорт салоҳияти 3,8 миллиард доллар деб баҳолангани иштирокчиларда қизиқиш уйғотди.

Ўзбекистон томони ФАО «Бир мамлакат – бир маҳсулот» глобал ташаббусини қўллаб-қувватлаш ва унда иштирок этишга тайёр эканини маълум қилди.