Вазирлар Маҳкамасининг “Ваколатли иқтисодий операторлар институтини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Қарор лойиҳаси билан ваколатли иқтисодий операторлар (оператор) учун белгиланган махсус соддалаштиришлар халқаро стандартларга мувофиқлаштирилди.
Бунда:
- мавжуд гувоҳнома турлари қатъий 3 турга ажратилди: божхона масалаларида оператор, хавфсизлик масалаларида оператор, божхона ва хавфсизлик масалаларида оператор;
- оператор бўлиши мумкин бўлган юридик шахслар тури аниқ белгиланиб, божхона ташувчиси ўрнига ташувчи (авиа ва автотранспорт воситаларида) тушунчаси киритилди;
- гувоҳнома турларига мос равишда оператор турлари бўлган ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиси, божхона омбор эгаси, ташувчи ва божхона брокерларига соҳавий соддалаштиришлар берилди;
- келгусида тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватловчи давлат идоралари, солиқ, молия, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, бозор назорати, банк назорати ҳамда сертификатлаш ва лицензиялаш бўйича масъул органлар томонидан ҳам операторларни тан олиш ва имтиёзлар бериш имконияти киритилди.
Операторларни танлаб олишда белгиланган талаб ва мезонларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди:
- ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланишда белгиланган муддат ташувчи ва божхона брокерлари учун 2 йил этиб белгиланди (1 йилга қисқартирилди);
- молиявий барқарорлик талаблари киритилиб, унинг методологияси ишлаб чиқилди;
- берилган махсус соддалаштиришлардан тўғри ва тўлиқ фойдаланишини таъминлаш мақсадида операторликка номзод ташкилот ходимини ўқитиш талаби белгиланди;
- божхона аудити мақсадларида ўз-ўзини баҳолаш бўйича саволнома ишлаб чиқилиб, бу орқали номзодлар операторлик талабларига жавоб беришда ўзини текшириш имкони яратилди;
- Оператор мақомини олиш учун берилган аризани бериш ва кўриб чиқиш тартиби такомиллаштирилди. Қўмита сайтида аризани онлайн тўлдириш ва тегишли ҳужжатларни электрон юборишни таъминловчи интерактив хизмат тури ишлаб чиқилди.
Оператор мақомини олган тадбиркорлик субъектларини назорат қилиш механизми такомиллаштирилди:
- операторлик мақомини бериш жараёнини янада шаффоф ва очиқлигини таъминлаш мақсадида ВИО реестри ўрнига ВИО ААТ дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди, уни реализация қилиш орқали ҳозирда қоғозда амалга ошириладиган барча ишлар электрон шаклга ўтказиш ҳамда аризани кўриб чиқиш жараёнида иштирок этадиган бошқармалар билан интеграция қилиш орқали реал вақт ичида маълумот олиш имкони яратилади;
- операторларни доимий назорат қилиш ва жойида текшириш ишларини мувофиқлаштириш мақсадида, операторлик мақомини бериш ваколати ҳудудий бошқармаларга ўтказилди;
- операторга (турига кўра) ўз-ўзини йилда бир марта аудиторлик текширувидан ўтказиш ва божхона органларига натижаларини юбориш ҳамда маълумотлар алмашиш тартиби белгиланди;
- гувоҳнома амал қилиш муддати 5 йил этиб қатъий белгиланди.
Операторларни икки томонлама ўзаро тан олиш механизми такомиллаштирилди:
- икки томонлама битим иштирокчиси бўлиш учун оператор сифатида 3 йил фаолият юритган бўлиш талаби бекор қилиниб, ҳар қандай хавфсизлик масалаларида операторга бундай имтиёз берилиши белгиланди;
- операторлар келгусида Ўзбекистон ҳукумати номидан ваколатли тадбиркор сифатида фаолият олиб бориши назарда тутилиб, операторлик бўйича логотип тайёрланди ва ундан реклама мақсадида фойдаланиш ҳуқуқи берилди.



