“Оналар ва чақалоқлар саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда аҳоли репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда туғиш ёшидаги аёллар ва ҳомиладорлар ягона электрон базаси бўйича ахборот тизими ишлаб чиқилишини ва 2023 йил 1 январга қадар фойдаланишга топширилишини таъминлайди.

Соғлиқни сақлаш вазири:

Ўзбекистонда оналар ва чақалоқлар ҳамда аҳоли репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тизими трасформациялаш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиб Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

барча туғуруқ муассасалари раҳбарларини аҳолидан тушаётган шикоятлар, кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати, молиявий камчиликларга йўл қўйилмагани ҳамда мутахассислар билим ва амалий кўникмалари асосида баҳолаш орқали туғуруқ муассасалари раҳбарлари таркибини профессионал билим даражасига эга бўлган, малакали мутахассислардан шакллантириш чорасини кўради.

Бунда, раҳбар ходимлар бир лавозимда 5 йилдан ортиқ бўлмаган муддат ишлаши ҳамда ротация амалиётини кенг жорий этиш кўрсатиб ўтилади.

Республика ихтисослаштирилган акушерлик-гинекология ва репродуктология илмий-амалий тиббиёт маркази ва барча туғуруқ муассасаларида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизмат турларидан ташқари хизматларни ҳамда давлат бюджетидан сақланадиган шифо ўринларидан бошқаларни пулли асосда ташкил этишга рухсат берилади.