Шу кунларда Фарғонада “Бирлашсак, катта кучмиз” халқаро ёшлар форуми бўлиб ўтмоқда.  

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ, Ўзбекистон энергетика, нефть-газ ва геология ходимлари касаба уюшмалари Республика кенгаши, Фарғона вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган ёшлар байрамида Россия, Туркия, Япония, Қозоғистон ва Тожикистондан келган ёш энергетиклар ҳам қатнашмоқда. Жараёнларни бевосита ёритиб бораётган ҳамкасбларимиз билан суҳбатда улар форум ҳақида қатор фикрларни билдиришди. Уларнинг айримларини сизнинг эътиборингизга ҳавола қилишга қарор қилдик.

- Жорий йилнинг 21 июль куни Қирғизистонда бўлиб ўтган “Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи маслаҳат учрашуви”да давлатингиз раҳбари Шавкат Мирзиёев “Ёшларимизнинг қараш ва интилишлари ўхшашлигига, уларнинг улкан интеллектуал салоҳиятига яна бир бор амин бўлдик. Уларнинг илғор ташаббуслари, креатив ёндашувлари ва стартап лойиҳаларини бундан буён ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз лозим. Навбатдаги учрашувимизгача Ёшларга доир сиёсатнинг умумий йўналишлари тўғрисида кўп томонлама битим тайёрлашни таклиф этамиз”, дея таъкидлаган эди. Мазкур ёшлар форуми мана шу сўзларнинг ҳаётдаги исботи деб биламан. Бугун ёш энергетикларга яратилаётган имкониятлар, хусусан қўшни давлатлардаги касбдошлари билан яқин алоқа қилишлари учун мана шундай зарур платформанинг шакллантирилгани қувонарли. Форум ишига омад тилайман. Унинг халқаро даражада эътироф этилиши ва географияси янада кенгайишини тилаб қоламан.

Владимир Ременной –Қозоғистон, “Актобе ТЭЦ” ходими

- Бизнинг “Çalik Enerji” компанияси “Иссиқлик электр станциялари” АЖ билан кўпгина йирик лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширган. Ҳозирда “Тошкент ИЭМ”АЖда ҳар бирининг қуввати 32 МВтга тенг бўлган иккита газ турбинани қуришда бош пудратчи саналади. Ўзбекистонлик ёш энергетикларни ўзига нисбатан талабчан, ғайратли ва ишига пухта ёшлар сифатида танийман. Мазкур форум орқали бунга яна бир карра амин бўлдим. Юртингизда ёшларга қаратилаётган эътибор, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хусусан, халқаро тажрибани ўзлаштиришлари, хорижнинг йирик энергетика корхоналарида малака оширишлари йўлида амалга оширилаётган ишлар таҳсинга лойиқ. Умид қиламанки келгусида энергетика соҳасидаги тенгдошларимиз билан янада яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўямиз.

Нурдан Kaрийпбек – Туркия, “Çalik Enerji” компанияси вакили

-Юртингиз ҳақида кўп эшитгандим. Унинг сўлим табиати, меҳмондўст инсонларини устозларимиз доимо ижобий сифатлар билан таърифлашарди. Мамлакатингиз ҳақидаги фикрларни эшита туриб, бир кун албатта Ўзбекистонга бораман, деб дилимга тугиб қўйгандим. “Бирлашсак, катта кучмиз” халқаро ёшлар форумига таклиф қилишганда жуда хурсанд бўлдим. Сабаби менинг орзуларимдан бири амалга ошаётганди. Форумга келиб шуни тушундимки, устозларим ҳақиқатни айтишган экан. Ёшлари серғайрат, ёши улуғлари меҳмонновоз, табиати дилларга хуш ёқувчи юртингиз менга жуда манзур бўлди. Форумга келсак у ёш энергетиклар ўзаро фикр алмашиши учун жуда қулай муҳитни ярата олди. Янги инновацион ғоялар айнан мана шундай мулоқотлар доирасида туғилади.

Светлана Павлова – Россия

- Дунё миқёсида энергетика соҳаси тобора глобал аҳамиятга эга бўлиб бормоқда. Ишлаб чиқариш жараёнига янги, энерготежамкор ускуналар, инновацион ишланмалар кириб келяпти. Ўзбекистон мазкур йўналишда янгиликларга доимо тайёр эканини биламиз. Ишонтириб айтишим мумкинки, биз ёшларда бу борада кўплаб ўзига хос ишланмалар бор. Уларни ривожлантиришда, фикр алмашишда эса мана шу каби форумларнинг ўрни муҳим. Ўзбекистонлик тенгдошларим билан соҳага оид турли техник янгиликларни ўзаро муҳокама қилар эканмиз, энергетика соҳасида яқин ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашимиз мумкинлигини тушундим. Форум мана шундай инсайдларга бой ўтаётгани мени хурсанд қиляпти. Ишончим комил ёшларнинг бу каби ўзаро фикр алмашиши энергетика соҳасида янгидан янги ғоялар, янги ҳамкорлик алоқалари сифатида ўзининг ижобий натижасини кўрсатади.

Оятулло Исмаилов –Тожикистон

“Иссиқлик электр станциялари” АЖ матбуот хизмати Ⓣ