Россиянинг «Яндекс» қидирув тизими тадбиркор Евгений Пригожин билан боғлиқ сўровлар учун натижалар чиқариб беришни чеклади. 11 июль, душанба куни Telegram’даги «Можем объяснить» канали бунга эътибор қаратди. Унга кўра, Пригожин ўзи ҳақидаги айрим материалларни қидирув тизимларидан олиб ташлаш имконини берувчи «унутиш ҳуқуқи»дан фойдаланган.

Журналистларнинг сўзларига кўра, «Яндекс», хусусан, «Пригожин», «Евгений Пригожин», «Пригожин троллар фабрикаси», «Пригожин Вагнер ХҲК» сўровлари ва бир қатор шунга ўхшаш сўзлар учун натижаларни чиқаришни чеклаб қўйди, бу эса 2016 йил бошидан кучга кирган интернетдаги «унутиш ҳуқуқи» тўғрисидаги қонун асосида амалга оширилганлигини кўрсатади. 

Пригожин ҳақидаги бир қатор материалларга ҳаволалар ҳам қидирув натижаларидан йўқолган, жумладан, унинг ёшлигидаги судланганлиги ва Россиянинг хусусий ҳарбий компанияси билан алоқаси ҳақидаги суриштирувлар ғойиб бўлди. Аммо биринчи саҳифада қидирув тизими унинг назорати остида бўлган оммавий ахборот воситалари - «Невские новости» ва РИА «ФАН»да бизнесмен билан суҳбатларни кўрсатяпти. «Можем объяснить» каналининг жами нечта ҳавола олиб ташланганлиги ҳақидаги саволига «Яндекс» вакиллари жавоб бермади. 

2016 йилда Россия Федерацияси президентига яқинлиги учун «Путиннинг ошпази» деб аталган Пригожин «унутиш ҳуқуқи» тўғрисидаги қонунга кўра, суд орқали «Яндекс», Google ва Mail.ru сайтларидан айрим маълумотларни олиб ташлашни талаб қилди. Хусусан, у қидирув натижаларидан Олгинодаги «троллар фабрикаси» ва ўзига алоқадор компаниялар томонидан олинган Мудофаа вазирлиги объектларини сақлаш бўйича давлат шартномалари ҳақидаги хабарларни олиб ташламоқчи бўлган. Кейинчалик тадбиркор «Яндекс» ва Mail.ru’га қарши даъволаридан воз кечди, Google’га қарши даъво эса суд томонидан кўриб чиқиш учун қабул қилинмади. 

Евгений Пригожин бир вақтнинг ўзида АҚШ ва Европа иттифоқининг бир нечта санкциялар рўйхатига киритилган. Унга Европа иттифоқида активлари бўлиши тақиқланган. 

2019 йил сентябрида АҚШ Молия вазирлиги, Вашингтон маълумотларига кўра, Пригожин билан алоқадор бўлган ва 2016 йилги АҚШ сайловлари натижаларига таъсир ўтказишга уринган тўртта компания ва етти нафар шахсга нисбатан санкциялар жорий қилган.