Нью-Йорк шаҳар фавқулодда вазиятлар департаменти 11 июль, душанба куни ядровий зарба бўлган тақдирда кўрсатмалар ёзилган видеони эълон қилди.
«Демак, ядровий ҳужум содир бўлди. Мендан нима учун ва қандай қилиб содир бўлганини сўраманг, шунчаки билингки, «катта бомба» урилди», деб видеокўрсатмани бошлаган бошловчи. У бундай вазият юзага келганда учта биринчи қадамни келтириб ўтган: кўчадан бинога кириш ва деразадан узоқроққа жойлашиш, иложи бўлса, ертўлага яшириниш, агар у бўлмаса - имкон қадар бино марказига яқинроқ туриш ва оммавий ахборот воситаларидаги воқеаларни кузатиб бориш.
Агар портлаш пайти одам кўчада бўлса ва омон қола олган бўлса, у радиоактив чангдан қутулиш учун дарҳол ювиниши керак, деб тушунтиради бошловчи. Ҳукумат рухсат бермагунча аҳолига кўчага чиқмаслик тавсия этилади.
Эҳтимолий ядровий зарба ёки ядро урушининг бошланиши ҳақидаги гап-сўзлар бутун дунё бўйлаб Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин бошланди. Улар Россия президенти Владимир Путин гипертовушли ва ядровий қуролларни ўз ичига олган Россия тийиб турувчи кучларини «махсус огоҳлантириш режими»га ўтказишни буюрганидан кейин янада кучайди.
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Путиннинг буйруғини «хавфли риторика» ва масъулиятсиз хатти-ҳаракат деб атади. «Бир пайтлар ақлга сиғмайдиган ҳолат - ядровий можаро истиқболи энди яна рўй бериши мумкин», — деди БМТ бош котиби Антониу Гутерриш.
Келгуси ўн йилликда дунё ядровий қуролланиш пойгасининг янги босқичини кутмоқда, дея огоҳлантирди Стокҳолм халқаро тинчлик тадқиқот институти (SIPRI) экспертлари йиллик ҳисоботида. Мутахассисларнинг фикрича, ядро қуролига эга бўлган ёки унга эга бўлган 9 давлатнинг барчаси - Россия, АҚШ, Хитой, Франция, Буюк Британия, Покистон, Ҳиндистон, Исроил ва Шимолий Корея ўз арсеналини фаол равишда модернизация қила бошлади.



