26 феврал куни бўлиб ўтган очилиш маросимида Халқ таълими вазирлиги, Маданият вазирлиги мутасаддилари ва МFaktor таълим маркази спикерлари иштирок этишди.
Бу махсус тренинг курсга Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармаси бошлиқлари ҳамда туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудирлари жалб қилинган бўлиб, раҳбар ходимларнинг бошқарув самарадорлигини оширишга қаратилган замонавий ёндашувлар, мазкур йўналишда юртимизда кўзга кўринган спикерлар томонидан ёритилади.
Тренинг курслари бошқарув компетентлиги бўйича катта тажрибага эга мутахассислар – MFaktor асосчилари Ҳасан ва Ҳусан Мамасаидовлар, “Юксалиш” лидерлар академияси асосчиси Муҳаммадали Эшонқулов, “Eduaction” раҳбари Умид Ишмуҳамедов, “Najot ta'lim” лойиҳаси раҳбари Темур Адҳамов, “Asaxiybooks” асосчиси Фируз Аллаев томонидан олиб борилади.
Мазкур курсларда тизим раҳбарлари ёшларни ҳаётга тайёрлашда бугунги таълим ходимларига қўйиладиган замонавий талаблар нималардан иборатлиги, мақсадни тўғри қўйиш, мактаб фаолиятини стратегик режалаштириш, жамоа қадриятлари ва кучли жамоани шакллантириш муҳимлиги, раҳбарларда нотиқлик санъатини ривожлантириш, замонавий мактаб раҳбарининг режаси қандай бўлиши лозимлиги, инсон капиталини бошқариш – KPI борасида бошқарув кўникмаларига эга бўладилар.
“Таълимда лидерлик” курслари 26 февралдан 2 мартгача давом этади.



