Ўз навбатида, Британия бош вазири Борис Жонсон “террорчилар мамлакатни қўрқита олмаслигини” айтган. “Биз ақлсиз жиноятлари билан орамизга нифоқ солишга уринаётганларга ҳеч қачон ён босмаймиз”, деб айтган Жонсон.
14 ноябрда Ливерпулда акушер ва гинекология клиникаси ёнида таксига ўрнатилган қўлбола портловчи қурилма портлаган. Бунинг оқибатида шубҳали хатти-ҳаракатларидан кейин ҳайдовчи томонидан машина ичида қулфлаб қўйилган йўловчи ҳалок бўлган. Полиция ушбу ҳодисани теракт сифатида тергов қилмоқда.
Аксилтеррорчилик бўлинмаси маълумотларига кўра, портловчи қурилмани қурбоннинг ўзи ясаган. Унинг шахси аниқланган, бироқ тергов манфаати нуқтайи назаридан унинг исми ошкор қилинмаяпти. Воқеа оқибатида такси ҳайдовчиси ҳам енгил жароҳат олган.
Полиция, шунингдек, террорчининг 20 ёшдан 29 ёшгача бўлган 4 нафар эҳтимолий шеригини қўлга олган.
Портлаш Британияда нишонланувчи Хотира кунида, ҳалок бўлган британиялик ҳарбийлар хотирасига бир дақиқалик сукут сақлаш олдидан юз берган. Тахминлардан бирига кўра, такси йўловчиси хотира тадбири ўтган Ливерпул марказидаги черков олдида машинани портлатмоқчи бўлган, бироқ машина черков ёнигача бора олмаган.



