Президент қарорига мувофиқ, олимпия захиралари коллежлари негизида Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичининг 5-даражасига мос таълим муассасаси шаклидаги олимпия ва паралимпия захиралари коллежлари ташкил этилади. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” канали маълум қилди.
2022-2023 ўқув йилидан (2022 йил 1 сентябрдан):
- олимпия ва паралимпия захиралари коллежлари контингенти фақат олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича шакллантирилади (бундан миллий кураш ҳамда алоҳида Ҳукумат қарорлари билан белгиланган спорт турлари мустасно);
- Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси тавсиясига асосан мазкур коллежларнинг тегишли паралимпия спорт турлари бўлимларига юборилаётган жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган спортчилар учун 10 фоизгача қўшимча квоталар ажратилади;
- таълим жараёни умумий ўрта таълим ҳамда ўрта махсус профессионал таълим босқичларида амалга оширилади;
- олимпия ва паралимпия захиралари коллежлари, шунингдек, болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ҳамда ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабларида қабул квоталари эркаклар ва аёллар учун 2024-2025 ўқув йилидан тенг равишда белгиланади (2022-2023 ўқув йилида аёллар улуши 30 фоиз, 2023-2024 ўқув йилида – 40 фоиз, 2024-2025 ўқув йилида – 50 фоизни ташкил қилади);
ўқувчиларни текин (имтиёзли) овқатлантириш харажатларини қисман қоплаш учун ота-оналар тўлови бекор қилинади.
Қарор билан шунингдек, Республика олимпия захиралари коллежи базасида уч йиллик “специалитет” дастурни амалга оширадиган давлат ОТМ шаклидаги ихтисослаштирилган Олий спорт маҳорати институти ташкил қилинади.
- Институтга фақат олимпия ва паралимпия захиралари коллежларини битириб олимпия спорт турлари бўйича миллий терма жамоа аъзолари бўлган ёшлар спорт натижаларига қараб ҳамда селекция бўйича давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.
- 2022 йил 1 августдан ҳудудларда иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) махсус спорт тизимини бошқариш платформаси орқали амалга оширилади.
Аввалроқ, коллеж ва техникумларга тест топшириладиган фанлар ҳамда баҳолаш мезонлари тасдиқлангани маълум қилинганди.


