Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, ушбу станция орқали йилига 7 000 дан 10 000 кВт.соатгача электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Мазкур хонадон эгаси ва Энергетика вазирлиги тизимидаги Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси ўртасида “Қайта тикланувчи энергия манбаларининг кичик объектларидан ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиб олиш тўғрисида” шартнома имзоланди.

Қайд этилишича, эндиликда ушбу хонадонда ишлаб чиқарилган электр энергиясини ҳудудий электр таъминоти корхонаси томонидан кафолатланган тарзда сотиб олинади.

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Ушбу шартнома умумий ўрнатилган қуввати 1 МВт.гача (ўзгарувчан ток) бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари объектларидан (микро ва кичик гидроэлектр станциялардан ташқари) электр энергиясини харид қилишга тааллуқлидир.

Мазкур амалиёт Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган “Электр энергияси, шу жумладан, энергиянинг қайта тикланадиган манбаларидан электр энергияси ишлаб чиқарадиган тадбиркорлик субъектларини ягона электр энергетика тизимига улаш регламенти”га асосан амалга оширилади. Бунда ҳудудий электр тармоқлари корхоналари томонидан электр энергиясини сотиб олиш президентнинг 2020 йил 10 июлдаги ПҚ-4779-сонли қарорида белгиланган тарифга асосан амалга оширилади.

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Шахсий қуёш фотоэлектр станцияларини (1 МВт гача) ўрнатиш истагида бўлган фуқаролар станцияларини ягона энергетика тизимига уланган ҳолда фойдаланиши ҳамда ўз эҳтиёжларидан ортган қисмини ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига юқоридаги қарорларга асосан шартнома асосида сотиши мумкин.