Афғонистоннинг Қандаҳор шаҳрида жойлашган шиалар масжидида содир этилган портлашлар учун жавобгарликни ИШИД террорчилик гуруҳи ўз зиммасига олди. Бу ҳақда Франс Пресс агентлиги гуруҳ баёнотига таяниб хабар берди. 

Гуруҳнинг билдиришича, икки нафар худкуш масжид биносининг турли қисмларида ҳужум уюштирган.

Эслатиб ўтамиз, Қандаҳордаги шиалар масжидида жума намози вақтида портлашлар содир бўлди. «Бахтар» агентлиги маълумотига кўра, ҳодиса оқибатида 62 киши ҳалок бўлиб, 68 киши яраланган.

Ўтган ҳафтада ҳам Қундуздаги шиалар масжидларидан бирида жума намози вақтида террорчи худкуш ўзини портлатиши оқибатида 50 киши ҳалок бўлганди.