Низомга кўра, амалиёт ОТМ томонидан ишлаб чиқиладиган ҳамда қабул қилувчи ташкилот билан келишиладиган дастур асосида ташкил этилади. Амалиёт бир ўқув йилида бир марта 10 кундан кам бўлмаган ва 30 кундан кўп бўлмаган муддатларда ўтказилади.
Амалиёт 2 босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда ОТМ томонидан хорижий тилларни мукаммал ўзлаштирган иқтидорли 3-курс талабаларининг рўйхати тузилади ҳамда уларга берилган тавсияномалар билан бирга ҳар йили 1 июлдан кечикмаган ҳолда, Ташқи ишлар вазирлигига тақдим этилади.
Саралаб олишда талабалардан:
- CEFR тизимининг камида С1 даражасига мос келадиган чет тилини билиш тўғрисидаги миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши;
- умумий рейтинг (ўзлаштириш) кўрсаткичлари 80 балл ва ундан юқори бўлиши, фанлардан қарздорлиги мавжуд бўлмаслиги талаб этилади.
Иккинчи босқичда номзодлар Ташқи ишлар вазирлигида қабул қилувчи ташкилот талаблари ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда тақсимланиб, 20 июлгача суҳбатдан ўтказилади.
Амалиётни ўташ даврида талабанинг белгиланган тартибда стипендия олиш ҳуқуқи сақлаб қолинади.
Билдирилишича, Ўзбекистоннинг хориждаги муассасалари – Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ёки халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналаридир.
Халқаро муносабатлар деганда – “Сиёсатшунослик”, “Халқаро муносабатлар”, “Халқаро иқтисодиёт ва менежмент (минтақалар ва фаолият йўналишлари бўйича)”, “Юриспруденция (халқаро ҳуқуқий фаолият)”, “Хорижий мамлакатлар иқтисодиёти ва мамлакатшунослик (мамлакатлар ва минтақалар бўйича)” ҳамда “Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар (минтақалар ва фаолият турлари бўйича)” бакалавриат таълим йўналишлари тушунилади.



