Маълум қилинишича, хонадон эгаси Анифия Бектошованинг Владислав исмли ўғли уч йил олдин бассейнга ноқулай сакраб, умуртқаси ва оёғидан жиддий жароҳатланган.

Владислав президент билан суҳбатда соғайиш учун вақт талаб қилиниши, бунинг учун ўзи ҳам ҳаракат қилиши кераклигини айтган, шу билан бирга тикланиши учун ёрдам сўраган. Хусусан, даволанишига кўмаклашувчи мураббий топгани, лекин унинг Тошкентдан келиб, ойига 12 соат шуғулланиши 100 доллар эканини айтган.

Ўз навбатида, Шавкат Мирзиёев беморга соғлик тилаб, унга бевосита Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари келиб ёрдам кўрсатишини тайинлаган.

Президент топшириғига асосан, 20 март куни соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев, вилоят ҳокими Даврон Ҳидоятов ҳамда травматолог ва нейрохирург мутахассислар хонадонга келиб, беморнинг аҳволини ўрганди.

Маълум бўлишича, оила 2019 йилда хусусий реабилитация шифокори (машқ-терапия бўйича мураббий) ёллаган. Пандемия пайтида машғулотлар онлайн олиб борилган. Машғулотлардан сўнг беморнинг аҳволида ижобий ўзгариш кузатилган.

Машғулотларнинг бир цикли кунора ўтказиладиган 12 та машғулотни ўз ичига олиб, бунинг нархи 100 долларни ташкил қилган. Бемор отасининг вафоти ва оиланинг моддий аҳволи сабаб даволанишни давом эттиришга қийналмоқда.

ССВ вакиллари бемор бевосита Нейрохирургия маркази ва ўз яшаш жойидаги травматологнинг доимий кузатувида бўлишини айтишди. Уй шароитида реабилитация машғулотларини давом эттириш, кўп қаватли уйнинг кириш қисмига пандус қуриш тавсия қилинди.

Шифокорларнинг сўзларига кўра, Владиславнинг соғайиши учун оператив чораларга зарурат йўқ, асосийси вақт талаб қилинади.