Бугун, 15 март куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги биносида Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгашининг биринчи йиғилиши ўтказилди. Унда Сенат раиси (у кенгашга ҳам раис) Танзила Норбоева, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Мактабгача таълим вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва бошқа масъул ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Кенгашнинг илк йиғилишида хотин-қизларнинг ижтимоий муаммолари ва уларни тизимли ҳал қилиш масалалари муҳокама қилинди. Кенгаш раиси Танзила Норбоева ушбу масалалар юзасидан масъул вазирлик вакилларини йиғиб, ҳар бирига алоҳида муддатли топшириқ берди.
Йиғилиш давомида Танзила Норбоева давлат мукофоти, жумладан, Зулфия мукофотини қўлга киритган хотин-қизларнинг кейинги фаолиятидан қониқмаётгани ҳақида гапирди. Норбоеванинг эътироз билдиришича, улар ўз ҳудудларида хотин-қизлар муаммоларини ҳал қилишда ҳеч қандай самарали фаолият олиб боришмаяпти.
«Зулфия»ни ҳар йили бир вилоятдан 2 нафардан номзод олади. Қани, нега мана шунақа ишларга ёрдам беришмайди? Хотин-қизлар масалалари бўйича ишлаётган ҳоким маслаҳатчилари, қани ўша аёллар? Нима учун улар шунақа оғир масалалар устида ишлашмаяпти? Буни сизларга нисбатан жуда қаттиқ эътироз деб тушунинглар.
Вилоят, туманларда шунақа муаммоли хотин-қизлар бўладиган бўлса, бундан хулоса чиқаришинглар керак. Ишни тўғри ташкиллаштира олмагансиз, умуман натижани беролмагансиз деган баҳони қўямиз. Сизлар ҳозир бизга индамаяпти, давлат раҳбари эътироз қилмаяпти, деб бемалол юрибсизлар.
Ҳамма фаол аёллар, давлат мукофотини олган аёлларни йиғинглар. «Зулфия»чи қизлар бор, ҳар йили йўқ бўлиб кетяпти. Олади, йўқ бўлади, қум ичига сингиб кетади. Бундай ҳолатларга йўл қўймаслик учун давлат мукофотига номзодларни танлашда кейинчалик қиладиган иши натижа берадиган аёлларни саралаб олиш керак. Таниш-билишчилик ёки чиройли кўриниши учун мукофот бериш керакмас», – дея Норбоеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.


