Norma’нинг ёзишича, қонун лойиҳаси анча кенгайтирилди, унга сўнгги йилларда қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам киритилди. У 15 бўлим, 26 боб ва 94 моддадан иборат (амалдаги қонун 8 боб ва 34 моддадан ташкил топган).

 Қонуннинг мақсад ва вазифалари кенгайтирилди, хусусан, қуйидагилар асосий вазифалар ҳисобланади:

  • Ўзбекистонда саноатни ривожлантириш, иқтисодий ўсишни таъминлаш ва аҳоли фаровонлигини юксалтириш, ишончли, хавфсиз, барқарор ҳамда арзон электр таъминоти тизимини яратиш учун ҳуқуқий асосларни шакллантириш;
  • белгиланган нархлар, электр таъминот узлуксизлиги, хизмат кўрсатиш нуқтайи назаридан истеъмолчиларни, хусусан аҳолининг заиф қатламига алоҳида эътибор берган ҳолда улар манфаатларини ҳимоя қилиш;
  • электр энергияси жиддий тўсиқларсиз сотиладиган ликвидли бозорни шакллантириш мақсадида самарали, шаффоф, табақалашмаган ва рақобатбардош электр энергияси бозорининг юзага келиши, очилиши ва ривожланишига кўмаклашиш;
  • электр энергетика корхоналари ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини белгилаш ҳамда уларнинг ўзаро ва давлат ҳокимияти органлари билан муносабатлари учун ҳуқуқий асосларни таъминлаш;
  • электр энергетика корхоналарининг ижтимоий хизмат кўрсатиш мажбуриятларига тегишли қоидаларни белгилаш;
  • электр энергетика тармоғини шаффоф ва табақалашмаган тарзда фаолият юритишини таъминлаш мақсадида электр энергетика корхоналарини бўлиш ва қайта ташкил этиш қоидаларини белгилаш;
  • электр энергиясини қайта тикланадиган энергия манбаларидан ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш;
  • электр энергиясини импорт (экспорт) қилишдаги тартиб ва қоидаларни белгилаш ва бошқалар.

Қонун қўлланиш доираси ҳақидаги модда киритилмоқда, у атом энергиясини ишлаб чиқаришга ҳам татбиқ этилади. Қонун «Электр энергетика тармоғидаги фаолиятнинг тамойиллари» деб номланган янги боб билан тўлдирилмоқда, «Асосий тушунчалар» боби анча кенгайтирилди.