Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабарига кўра, муҳокама жараёнида олий таълим муассасалари ректорлари, проректорлари, декан, шунингдек, ёшлар бўйича етакчилари томонидан талабаларнинг яшаш шароитларини таҳлил қилиш ўз ҳолига ташлаб қўйилгани танқид қилинди.
“Хусусан, талабалар ижарада қаерда яшамоқда, кимникида турибди, яшаш шароити қандай, дарсдан кейин нима иш билан машғул бўлади, бўш вақтини қандай ўтказади, бу талабаларнинг ўқиш жараёнига қандай таъсир кўрсатмоқда, каби жиддий масалалар кўриб чиқилди.
Айниқса, масъуллар томонидан талабаларнинг хусусий уй-жойларда яшаш шароитлари билан бевосита жойига чиққан ҳолда ўрганилмаётганлиги кўрсатиб ўтилди.
Талабалар томонидан ижарага олинаётган хонадонларнинг ёнғин ва бошқа техник хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги, талабаларда бирламчи ёнғин ва бошқа техник хавфсизлик бўйича билимларининг етарли эмаслиги натижасида турли нохуш ҳодисалар рўй бермоқда”, дейилади хабарда.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг “Талабалар яшаш шароити ва ҳаракатланиши мониторингини йўлга қўйиш ва бу борадаги ишларни такомиллаштириш” юзасидан қўшма қарори қабул қилинади.
Қайд этилишича, қўшма қарорда ҳар бир ҳудудда ишчи гуруҳ тузиб, ижарада ва яқин қариндошиникида яшаётган талабалар бўйича ўрганиш тизимини жорий қилиш кўзда тутилади.
Аввалроқ, Юнусободдаги квартирада беш талаба жасади топилгани, улар номаълум моддадан заҳарлангани тахмин қилинаётгани хабар берилганди.



