АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг Пенсакола авиабазасида 2019 йил 6 декабр куни саудиялик ҳарбий Муҳаммад аш-Шамраний отишма содир этганди. У АҚШга учувчилик малакаларини оширишга келган бўлган. Аш-Шамраний отишма вақтида 3 кишини ўлдирган ва 8 кишини яралаган. У воқеа жойида полициячилар томонидан отиб ўлдирилган.

Судга арзнома воқеа вақтида ҳалок бўлган америкаликлар ота-оналари  ва жабрланган ҳарбийлар томонидан берилган. Уларнинг таъкидлашича, Саудия Арабистони ҳукумати аш-Шамранийни “Ал-Қоида” террорчилик гуруҳига алоқадор эканлигидан хабардор бўлган. Аш-Шамранийнинг “Ал-Қоида”га алоқаси борлиги аниқлангани ҳақида 2020 йил май ойида ўшандаги адлия вазири Уильям Барр маълум қилган эди. Барр таъкидлаганидек, отишма террорчилик ҳаракати бўлган.

Арзномада таъкидланишича, аш-Шамраний АҚШ базасидаги бошқа саудиялик ҳарбийларга отишма содир этмоқчилиги ҳақида сўз очган, бироқ шундан кейин ҳам тегишли чоралар кўрилмаган. Барр таъкидлаганидек, аш-Шамраний ноқонуний тарзда қурол сотиб олган ва сақлаган.

Жабрланувчилар подшоҳликдан суд белгилайдиган товон пулининг тўланишини талаб қилишмоқда.