Маълум қилинишича, бугунги кунда Ўзбекистонда 1070дан зиёд АГТКШлар мавжуд. Уларнинг барқарор фаолият юритишини таъминлаш учун етказиб берилаётган газнинг зарур ҳажмини аниқ ҳисоб-китоб қилиш ва улар ҳар куни автотранспортга қуйилаётган газга оид маълумотларнинг шаффофлигига асосланган бўлиши лозим.
Бу борада ўтказилаётган текширувлар давомида газ ўлчаш мосламасига АГТКШ эгаларига “фойда” келтиришга хизмат қиладиган ускуналар ўрнатиш билан боғлиқ айрим қаллобликлар аниқланган. Бундай ўғирланган газ айрим АГТКШларда мижозларни жалб қилиш мақсадида нисбатан нархларни вақтинча камайтириш имконини бермоқда. Бу ҳолат истеъмолчиларда нарх масаласида нотўғри фикрга ва асоссиз норозиликларга сабаб бўлади.
Сиқилган газ сотилиши ҳисобини юритишнинг автоматлаштирилган тизими ташиш вақтида олинаётган ва юборилаётган маълумотларни аниқ ҳисобга олиш, газ оқими кирими ва чиқимини назорат қилиш имконини беради ҳамда бу жараёнда инсон омили қатнашмайди.
Мазкур автоматлаштирилган тизим жорий этилиши билан совуқ кунларда АГТКШ яқинида яшовчи аҳолида доимий равишда газ босими камайиб кетиши муаммоси ҳам бартараф этилади.

