«Кекса авлод вакиллари ёшларни меҳнатга, ўз уйини, кўчалар, гузар ва майдонларни озода тутишга ўргатарди. Бизда бу урф-одат эди. Энди айрим одамлар ҳовлисини боласига эмас, мардикорга тозалаттиряпти.
Кўп қаватли уйларда қўшни қўшнисини танимайди. Бу ҳолда болалар меҳнатни, одобни, маънавиятни, меҳр-оқибатни кимдан ўрганади?
Маънавиятимиз учун энг катта хавф – аксарият одамларимиздаги лоқайдлик ва бепарволик кучайиб боряпти», – деди президент.
Шавкат Мирзиёев болалар тарбиясида маҳалланинг ўрни камайиб бораётганини қайд этди.
«Илгари бир болага етти маҳалла ота-она деган мақолга амал қилиб яшардик. Ўғил-қизларимизнинг ахлоқ-одоби, ўқиши учун нафақат уларнинг ота-оналари, аввало маҳалладаги нуронийлар, кайвони кексалар, зиёлилар ҳам ўзини масъул ва жавобгар деб биларди.
Шунинг учун ҳам маҳаллаларимизда уруш-жанжал, безорилик, ичкиликбозлик қилиб юрадиган ёшлар, оилавий ажримлар кам бўлар эди. Ажрим бизга ёт эди. Шундай маҳаллалар бор эдики, нуронийнинг бир оғиз гапи билан ҳамма нарса ҳал бўлар эди.
Лекин ҳозир енгил-елпи ҳаётга ўтиб олдик. Мана, ажримларнинг статистикасини кўринглар. Бу нима деган гап? Қаёққа боряпмиз?» – таъкидлади у.


