«Солиқ кодекси янги таҳрирда қабул қилиниши сабабли ушбу имтиёзлар бекор қилинди. Имтиёзларнинг ўз кучини йўқотиши кодекс қабул қилиниши (2020 йил 1 январь – таҳр.) билан амал қиладими ёки йўқми? Молия вазирлиги билан келишиб, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёзлар 2020 йил 1 апрелга қадар амал қилиниши инобатга олинмоқда. Бу масала юзасидан вазирлик ва қўмитанинг қўшма хати ҳудудларга тез орада юборилади», — деди ДСҚ раисининг биринчи ўринбосари Мирзаев.
Мубин Мирзаевнинг таъкидлашича, айни пайтда солиқ органлари томонидан имтиёзлар бекор қилиниши натижасида 1 январдан солиқ солиниши ҳақидаги тадбиркорлик субъектларига юборилган талабномалар чақириб олинади.
2020 йил 1 январдан кучга кирган янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 473-моддасига мувофиқ, эркин иқтисодий зоналар иштирокчиларига фақат мол-мулк солиғидан, ер солиғидан ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан озод қилиш тарзида солиқ имтиёзлари берилган.
Шунингдек, Солиқ кодексининг 75-моддасида «ҚҚС бўйича имтиёзлар, шу жумладан, товарлар Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилишида (импортида) солиқ солишдан бўшаган маблағларни аниқ мақсадларга йўналтириш шарти билан берилиши мумкин эмаслиги» ҳамда 266-моддасида барча солиқ тўловчилар «бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини аниқлашда фақат тўланган солиқ суммаларини ҳисобга олиши» белгиланди.

