Kun.uz мухбирининг хабар беришича, муҳокамалар жараёнида давлат бюджетининг асоссиз сарфланиши ҳамда товар моддий бойликлардаги камомадлар ҳуқуқий нормалар яратилган бўлишига қарамасдан, йилдан йилга ортиб бораётганлиги депутатларнинг эътирозларига сабаб бўлган.

Жумладан, ўтган 9 ой давомида бюджет маблағларининг мақсадли фойдаланилиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида 129,1 млрд сўм бюджет интизомининг бузилганлик ҳолатлари аниқланган. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 96 млрд сўми (74 фоиз) маблағлар бюджетга қайтарилган.

Қуйидаги вазирликларда энг кўп қонунбузилиш ҳолатлари ва бошқа хато-камчиликларга йўл қўйилган:

Халқ таълими вазирлиги тизимида ўтказилган 487та назорат тадбирларининг 389тасида 40,7 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида ўтказилган 465та назорат тадбирларининг 345тасида 22 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган;

Мактабгача таълим вазирлиги тизимида ўтказилган 200та назорат тадбирларининг 159тасида 10,7 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган;

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимида ўтказилган 58та назорат тадбирларининг 47тасида 6,3 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.