Таъкидланишича, Қишлоқ хўжалиги вазирлигига қишлоқ хўжалигида ташкилий тузилмаларни тўғри йўлга қўйиш вазифаси юкланган. Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалигида кластер тизими энг катта хусусий инвестиция киритиладиган тизим сифатида кўрилган.
“Иккинчи тизим кооперация бўлиб, у кичик хўжаликлардаги маҳсулотларни сотиш ва экспорт қилишда бўладиган қийинчиликларни енгишга ёрдам беради. Чунки чорвачиликда етиштириладиган маҳсулотларнинг 80 фоизини кичик хўжаликлар етиштириб беради. Учинчи тизим эса инвестиция ҳисобланади”, - деди Aлишер Шукуров Халқаро пресс-клубнинг 25 сентябрдаги сессияси давомида.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда пандемия ҳолатида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоғига хорижий молиявий институтларнинг 1 миллиард доллар атрофидаги инвестицияси киритилди. Бунда энг катта инвестиция бўлган 500 миллион доллар Жаҳон банки билан ҳамкорликда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тизимини модернизация қилишга йўналтирилди.
Aлишер Шукуровга кўра, киритилган инвестициялар нафақат тадбиркорлик, балки бошқарув тизимини модернизация қилиш, илмий-тадқиқот институтларининг соҳага илм ва инновацияни жорий қилишига йўналтирилди.


