АҚШ адлия вазири – бош прокурор Уильям Барр АҚШ миллий хавфсизлик агентлигининг собиқ ходими Эдвард Сноуденнинг афв этилишига қарши чиқди. У бу ҳақда Associated Press агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
У бунга "мутлақо қарши" эканлигини билдирди.
"У рақибларимизга маълумот етказиб, хоинга айланди, у америкаликлар хавфсизлигига зарар етказди", - деди Барр.
Ўтган ҳафтада АҚШ президенти Дональд Трамп Сноуденни афв этиш имкониятини кўриб чиқаётганини айтганди.
Сноуден 2013 йилда АҚШ махсус хизматларининг электрон кузатув услублари ҳақида маълум қилганди. У Америка ҳукумати таъқибидан қочиб, қатор давлатлардан бошпана сўраган. Сноуден 2014 йил 1 августда Россияда уч йил яшашга рухсат олган, кейинроқ бу муҳлат узайтирилган.
У ўз ватанида жосуслик тўғрисидаги иккита моддани бузганлиги учун айбдор деб топилган. Сноуден ҳар бир модда бўйича 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.



