2020 йилнинг 5 август куни соат 14:30да ИИБ ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.

Тадбир давомида Китоб тумани Шатри қишлоғида яшовчи 38 ёшли Я.Ҳ.нинг яшаш уйи кўздан кечирилганда, ҳовлисида уч туп яшил рангли, ўзига хос ҳидли ўсимликлари экиб парваришлаб келаётганлиги аниқланиб, ушбу ҳолат холислар иштирокида ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган.

Судга оид кимёвий экспертиза хулосасида Я.Ҳ.нинг ҳовлисидан олинган баландлиги 250 см.дан 280 см.гача бўлган, поясининг қалинлиги 24,0 мм.дан 41,0 мм.гача бўлган, уч туп нам ҳолдаги (қуритилмаган) ўсимликлар “каннабис” ўсимлиги эканлиги, уларнинг жами соф оғирлиги 4500,0 грамм эканлиги кўрсатилган.

Ҳолат юзасидан Китоб тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисми (тақиқланган экинларни етиштириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.