«2017–2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастури тўғрисида»ги президент қарорига асосан «Косон тумани маркази ҳамда Китоб–Шаҳрисабз ерости сув конидан сув олиш қувурига яқин бўлган қишлоқ аҳоли пунктларининг сув таъминоти тизимини реконструкция қилиш» лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Косон туман ҳокимлигининг Kun.uz’га маълум қилишича, мазкур лойиҳа амалга оширилгач, 90 минг аҳолига ичимлик суви етиб боради. Шу тарзда туманда ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 75 фоизга етади. Туманда «Марказий», «5-митти тумани», «Пудина», «Шербек» ва «Ушоқтепа» сув тўплаш ва узатиш иншоотлари, 61 км магистрал ва ички ичимлик сув тармоқлари реконструкция қилинади ҳамда 112,4 км янги тармоқлар қурилади.

Ушбу лойиҳани Саудия ривожлантириш фонди ва халқаро ОПЕК жамғармалари ҳисобидан 2023 йилгача тўлиқ амалга ошириш кўзда тутилган. ОПЕК Халқаро Тараққиёт Жамғармаси ва «Коммунхизмат» агентлиги, Қашқадарё вилоят ҳокимлиги, «Қашқадарё сув таъминоти» МЧЖ билан томонлар ўртасида битим имзоланган.