«2019 йилнинг 22 декабрь, яъни парламент Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига ўтказилган сайловлар куни интернет тармоғида айрим ҳудудларда сайловлар ўтказилишида қонун бузилиш ҳолатлари содир этилаётганлиги ҳақида маълумотлар эълон қилинди.
Хусусан, Қашқадарё вилояти Косон тумани халқ депутатлари Кенгаши депутатлигига номзоди кўрсатилган шахсларни ўз номзодларини қайтариб олишга мажбурлаш, Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги 10, 23 ва 142-сонли сайлов участкалари ишига ноқонуний аралашиш ҳамда округ ва участка сайлов комиссияларига Тошкент шаҳри Яшнобод туманида овозларни санаб чиқиш бўйича якуний баённома нусхасини тўлдириш ва баённома нусхаларини ҳеч кимга тарқатмаслик юзасидан ғайриқонуний кўрсатма берилиши билан боғлиқ маълумотлар тармоқ орқали тарқатилиб, кенг жамоатчилик орасида муҳокамага сабаб бўлди.
Марказий сайлов комиссиясидан юқорида келтирилган маълумотлар тегишли тартибда кўриб чиқиш учун Бош прокуратурага тақдим этилди.
Шу муносабат билан, тажрибали прокурор-тергов ходимларидан иборат махсус гуруҳлар шакллантирилиб, мазкур хабарларнинг ҳар бири синчковлик билан ҳар томонлама ўрганилмоқда.
Бу борада Марказий сайлов комиссияси билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилиб, тезкор маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилган.
Текширишлар натижасига кўра хабар берилади», дейилади Бош прокуратура хабарида.
Шунингдек, Бош прокуратура томонидан «Сафари» телеграм канали орқали эълон қилинган Сергели тумани сайлов участкасидаги ҳолат текширилмоқда. Текшириш натижаси бўйича хабар қилинади.



