Ўйиннинг сўнгги қисмида, ҳисоб меҳмонлар фойдасига 1:0 бўлиб турган вақтда Абраҳам майдон ташқарисига чиқиб кетган тўпни олиш учун кетаётиб, майдон четида турган «Фрайбург» бош мураббийи Кристиан Штрайхни туртиб йиқитиб кетди. Фрайбургликлар жамоасининг захира футболчилари эса қоидабузар томон ташланишди, уни жамоадошлари ҳимоя қилиш учун чопиб келишди ва майдонда тўполон бошланди. Якунда ўйин ҳаками Абраҳамга тўғридан-тўғри қизил карточка кўрсатди.

Айни вақтда 33 ёшда бўлган Абраҳам 2015 йилдан буён «Айнтрахт» клуби аъзоси ҳисобланади. У жорий мавсумда Бундеслиганинг 8 учрашувида иштирок этган ва бир гол урган. Унинг франкфуртликлар жамоаси билан шартномаси муддати 2021 йилгача тузилган.