Танқидчилар Трамп шу йўл билан ўз лавозимидан фойдаланган ҳолда даромад орттиришни кўзлаганини айтаётган, Оқ уй эса бу иддаоларни рад этиб келаётганди.

АҚШ етакчисининг твиттерда тушунтирича, у демократлар ва матбуот томонидан бўлаётган «аҳмоқона ва мантиқсиз адоват» туфайли бу фикридан воз кечган.

Аввалроқ у ўзига тегишли кошона гольф маркази – Trump National Doral «катта ва ҳашаматли» жойлиги, унда «ғоят маҳобатли заллар ва музокара хоналари» борлигини айтганди.

«Trump National Doral`дан фойдаланиб, мамлакатимиз учун жуда яхши иш қиляпман, деб ўйлагандим. Лекин, ҳар доимгидек, адоваткор ОАВ ва уларнинг демократ шериклари аҳмоқлик қилишди!» – деб ёзди Трамп твиттер микроблогида.

Оқ уй расмий вакили Мик Валвейнининг сўзларига кўра, агар саммит президентнинг Майамидаги гольф марказида бўлганида, давлат бюджетидан миллионлаб доллар тежаб қолинган бўларди. Чунки Трампга тегишли кошона учун фақат анжуманни ўтказиш харажатларининг таннархи тўланса кифоя эди.

Бироқ жамоатчилик бу ваъдаларга ишонгани йўқ, кўпчилик саммит ортидан Trump National Doral барибир пул ишлаб олади, деган фикрда эди. Жумладан, Вакиллар палатасида кейинги ҳафта мазкур қарорни қоралаш масаласи овозга қўйилиши кутилаётганди.

Маълумот учун, Майамидаги Trump National Doral – 300 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган мажмуа бўлиб, унда 5та гольф майдони, 700 кишилик меҳмонхона, конференц-хоналар ва дўконлар бор. Дональд Трамп уни 2012 йилда сотиб олган.

«Катта еттилик»нинг навбатдаги саммити 2020 йили 10-12 июнь кунлари бўлиб ўтади. Унда АҚШ, Канада, Франция, Германия, Италия, Япония, Бирлашган Қироллик ҳамда Европа Иттифоқининг олий даражадаги делегатлари иштирок этади.